25.11.2025 | 16:16
189
МАСЛАҲАТЛИ ТЎЙ ТАРҚАМАС
Жамолиддин БАДАЛОВ

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари бир-бирига биродар бўлган минтақамиз улкан ва қудратли салоҳиятга эга марказ эканлигини амалда исботлади.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ташкил этиш ғояси қўшни давлатлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланган эди. 2018 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувлари мунтазам ўтказила бошланди. Бундай учрашувлар доирасида кўплаб муаммоли масалалар оқилона тарзда ҳал этилди. Ҳудудий низолар, сув тақсимоти, чегара ва бошқа долзарб масалалар кун тартибига киритилди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви катта муваффақият билан ўтказилди. Биринчидан, саммит арафасида давлатимиз раҳбарининг эълон қилинган “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи иштирокчилар учун муҳим, ижобий ва соғлом муҳит яратди.
Иккинчидан, учрашув нафақат Марказий Осиё, балки халқаро майдонда катта акс садо бериб, бошқа давлатлар ва минтақалар учун ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, мулоқот ҳамда ўзаро сиёсий ишонч нуқтаи назаридан намунага айланяпти. Учинчидан, Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор қабул қилиниши 2023 йилдан меҳмон сифатида қатнашаётган қардошларимиз нафақат форматнинг географиясини Марказий Осиёни Жанубий Кавказ билан боғлаб кенгайтиради, балки минтақанинг субъектлигини ҳам кучайтиради. Бу билан Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ягона геосиёсий ва геоиқтисодий маконга айланди. Агар бу боғлиқлик яна кучайтирилса, бу икки минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, халқларнинг фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, ўртамизда тарихий маданий ва маънавий алоқалар мавжуд. Марказий Осиё давлатлари томонидан Озарбайжонга Маслаҳат учрашувларида тўлақонли иштирокчи мақомини берилгани тарихий муносабатларимизни сиёсий форматга айлантиришни англатади. Албатта, Тошкентда бу борада охирги консенсусга эришилди.
Эндиликда Озарбайжон Марказий Осиё интеграциясининг шунчаки шериги эмас, балки туркий бирлашувни ҳам ўз ичига олган минтақавий ўзаро боғлиқлик жараёнларида фаол иштирок этаётган давлатдир. Бошқача айтганда, бугун Боку Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, минтақамизни органик равишда тўлдирмоқдаки, бу айниқса, Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида очиқ кўринади. Иқтисоди тез ривожланаётган Ўзбекистон товарлар ҳаракатини максимал даражада енгиллаштиришдан манфаатдор. Озарбайжон томонидан илгари сурилаётган кенг транспорт имкониятлари Марказий Осиё учун бутунлай янги иқтисодий имкониятларни очади. Ана шундай прагматик манфаатлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкам ва самарали қилади. Озарбайжон – бир томондан Жанубий Кавказда, бошқа томондан Марказий Осиёга яқин жойлашган, Каспий ҳавзасига кирадиган давлат. Буларнинг барчаси Президент Илҳом Алиев томонидан белгилаб берилган Озарбайжон ташқи сиёсатининг янги концепциясига асосланган фаол сиёсат олиб бориш учун замин яратади. Шунинг учун мазкур формат Озарбайжон билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида стратегик шериклик, иттифоқчилик асосида муносабатларни янада чуқурлаштиришга, иқтисодий, савдо, маданий, гуманитар, транспорт-логистика алоқаларини кенгайтиришга катта имконият ва истиқбол қопқасини очади.
Бугунги кунда Озарбайжон ва Марказий Осиё Шарқ-у Ғарб, Шимол-у Жануб ўртасидаги боғловчи бўғин, кўприк ҳисобланади. Ўрта коридорни ривожлантириш мамлакатларимиз учун стратегик аҳамиятга эга. Транспорт ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, божхона жараёнларини синхронлаштириш ва рақамлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар юк ташиш ҳажмини ошириш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва халқаро бозорларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиб бермоқда. Сўнгги уч йил ичида Озарбайжон орқали Ўрта коридор бўйлаб юк ташиш ҳажми 90 фоизга ошиб, ўтиш вақти сезиларли даражада қисқарди. Йилига 25 миллион тонна юк ўтказиш қувватига эга Алят халқаро порти, Боку-Тбилиси-Карс темир йўли, 9 та халқаро аэропорт, минтақадаги энг йирик юк ташиш авиакомпанияси ва бошқа омиллар Озарбайжонни халқаро транспорт тугунларидан бирига айлантирди.
Озарбайжон ҳудудида қурилиши якунланаётган Зангезур коридори бошланғич босқичда 15 миллион тонна юк ўтказиш қувватига эга бўлиб, Ўрта коридорнинг муҳим артериясига айланади. Шунингдек, Зангезур коридорининг бир қисми бўладиган автомагистраль қурилиши битай деб қолди.
“Рақамли Ипак Йўли” лойиҳаси Каспий денгизи туби бўйлаб оптик толали кабель тармоғини яратиш режаларини ўз ичига олади. Мазкур лойиҳа халқаро бозорга электр энергиясини биргаликда экспорт қилиш учун катта истиқболларни очмоқда. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ имкониятлари бирлаштирилаётганини учинчи бир давлатларга қарши қаратилмаганлигини ҳам таъкидлаш ўринли. Боз устига, Пекин, Вашингтон ва Москва каби ҳар бир ҳамкор минтақанинг иқтисодий ва транзит салоҳиятини ривожлантиришга аниқ прагматик қизиқиш билдиряпти. Барча йўллар Римга олиб боради, деган машҳур мақолни бугун “Барча асосий қуруқлик йўллари Марказий Осиё билан туташади” қабилида ифодаласак, тўғрироқ бўларди.
Тўртинчидан, давлат раҳбарларининг нутқларида бир-бирига яқин мавзулар, таклиф ва ташаббуслар кўтарилди. Бу минтақа давлатларининг халқаро майдонда якдилликка, унинг чинакам субъектига айланиб бораётганини, овози баландроқ жаранглаётганини намойиш этди. Бешинчидан, саммитда Афғонистон омили ва умумий глобал нотинчлик ҳисобга олинган ҳолда хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланиш концепцияси ва уларга хуружларнинг олдини олиш бўйича хавфлар каталоги имзоланди. Сув хавфсизлиги ва экологик барқарорлик, транспорт алоқаси, сунъий интеллектга асосланган технологик ривожланиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги ҳамкорлиги минтақавий сиёсатнинг асосига айланмоқда. Бу эса минтақадаги вазият 15–20 йил аввалгидан жуда фарқ қилишини намойиш этади. Ўзбекистон Президенти маслаҳат учрашуви арафасида таъкидлаганидек, кўп йиллардан бери биринчи марта минтақамизда ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат муҳити шаклланмоқда. Кўпчилик минтақавий муаммолар, сув тақсимоти ёки чегара низоларига оид келишмовчиликлар узоқ муддатли муносабатларни бузади, деб ҳисобларди. Бироқ барча салбий прогнозларга қарамай, минтақа якдиллик сари дадил одимлаяпти. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларининг туташган нуқтаси бўйича келишувлар тузилиши, шунингдек, Тожикистоннинг XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик” шартномасига қўшилиши минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди. Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026–2028 йилларга мўлжалланган чоралар каби ҳужжатлар имзоланди. Бу минтақа давлатларининг умумий манфаатлари ва ягона позициясини акс эттиради. Қўшма баёнот эса халқаро ҳамжамиятга Марказий Осиё давлатларининг бирлашган ва мувофиқлаштирилган ёндашувга эга эканлигини кўрсатади.
Имзоланган ҳужжатлар шунчаки декларатив эмас, балки аниқ амалий чора-тадбирлар ва муддатларни белгилайди ҳамда қарорларнинг қоғозда қолиб кетмаслигини, аксинча, ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги шиддатли жараёнлар Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб манфаатлари кесишмасидаги чорраҳага айланиб бораётганини намойиш этди. Бу минтақа мамлакатлари учун тарихий имкониятдир. Эътибор берган бўлсангиз, Тошкент музокаралари Марказий Осиёга глобал эътиборнинг ортиб бораётгани фонида ўтказилди.
Биз кейинги даврда C5+1 форматида бирин-кетин кўплаб амалий тадбирларни кўряпмиз. Европа Иттифоқи, Хитой, АҚШ ва Россия Марказий Осиёга сезиларли эътибор қаратишни бошлагани аниқ. Минтақа ичидаги муносабатлар ҳам жадал ривожланяпти. Халқаро бозорларга чиқиш учун қўшма инфратузилма яратиляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида бошланган муҳим лойиҳалардан бири – “Марказий Осиё Халқаро саноат ҳамкорлиги маркази” шулар жумласидан. У Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги шунга ўхшаш трансчегаравий ҳамкорлик марказига, Хоргосдаги Халқаро савдо ҳамкорлиги марказига жуда ўхшайди. Аммо янги марказ кўплаб қизиқарли ишланмалар: саноат корхоналари, яшил йўлак, божхона тўсиқларини олиб ташлаш, авиация марказини яратиш ва бошқа кўп соҳаларга асосланган. Кўриб турганимиздек, Марказий Осиё учун умумий сиёсий, иқтисодий ва маданий макон шаклланаётган бир пайтда тарих кўз ўнгимизда яратилмоқда.
Хулоса қиладиган бўлсак, геосиёсий беқарорлик шароитида Марказий Осиё давлатларининг ягона ташқи сиёсий ёндашувларини ишлаб чиқиши минтақанинг халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамлайди, умумий манфаатларни ҳимоя қилади ва турли глобал куч марказлари билан прагматик алоқалар ўрнатишга ёрдам беради. “Марказий Осиё плюс” форматлари ҳам шунга қаратилган. Саммитда қабул қилинган ҳужжатлар эса Марказий Осиё давлатларининг чуқурроқ интеграция, самарали ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга бўлган жиддий интилишларини акс эттиради.
Бу минтақанинг келажакдаги тараққиёти ва халқаро майдондаги роли учун муҳим пойдевор демакдир.
“Жадид” газетасининг 2025-йил 21-ноябрдаги 47-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



