Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


13.01.2026 | 14:06

img336

ШАТРАНЖДАН ШАХМАТГАЧА

Сўнгги йилларда Ўзбекистон спорти ҳақида гап кетганда, кўз олдимизда нафақат шиддатли боксчилар ёки матонатли курашчиларимиз, балки вазминлик билан дона суриб, дунёнинг энг кучли гроссмейстерларини шошириб қўяётган навқирон шахматчиларимиз ҳам гавдаланади. Бу бежиз эмас. Зеро, шахмат – бу шунчаки ўйин эмас, бу – миллатнинг интеллектуал қуввати, стратегик фикрлаш қобилияти ва сабр-тоқатининг кўзгусидир.

Ўтмишда шатранж деб аталган бу кўҳна ўйин бизнинг юртимизда азалдан маълум ва машҳур бўлиб, кўплаб тарихий ва бадиий асарларда, хусусан, тарихчи Ибн Арабшоҳ “Ажойиб ул-макдур фи ахбори Темур” (“Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари”) китобида шундай ёзади: “(Амир Темур) ўз фикрини пешлаш мақсадида муттасил шатранж ўйнарди. Унинг ҳиммати кичик шатранж (ўйнаш)дан олий бўлиб, катта шатранж ўйнарди. Бу шатранж тахтасининг эни ўн бир, бўйи ўн (хона)дан иборат эди…”

Бугунги кунда шахмат соҳасидаги ютуқларимиз мамлакатимизнинг халқаро обрўсини янги босқичга олиб чиқмоқда. Ўзбекистонлик шахматчилар дунё саҳнасида порлаётгани, жамоавий мусобақалар, хусусан, Олимпиада ва Осиё чемпионатларида кучли ўринларни эгаллаётгани юртимизда шахматни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларининг ижобий самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда шахмат ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим роль ўйнади.

Қарорда “Мактабда шахмат” лойиҳасини амалга ошириш, шахматга ўқитиш тизимини янада ривожлантириш, иқтидорли ёш шахматчиларни танлаш ва саралаб олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлаш, шахмат инфратузилмасини янада ривожлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш, соҳада малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, юксак натижаларга эришган тренер ва ҳакамлар ҳамда шахматчиларни рағбатлантириш каби долзарб мақсадлар белгилаб берилган. Шу боис, ўзбек шахмат мактабининг бугунги ютуқлари тасодифий эмас, десак айни ҳақиқатдир.

Жаҳон кубоги мусобақаларида маҳорат кўрсатган Жавоҳир Синдаровнинг муваффақияти бутун дунё шахмат жамоатчилигини ҳайратда қолдирди. Унинг муайян босқичлардаги рекордлар ва натижалар бўйича энг ёш Жаҳон кубоги соҳиби сифатида эътироф этилиши Янги Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳиятидан далолат беради. Жавоҳир каби ёшларнинг ғалабаси шуни кўрсатадики, шахматда ёш чегараси тобора қисқариб бормоқда, интеллектуал жанг майдонида эса билим ва шижоат ҳар қандай тажрибадан устун кела олади.

Шахмат бўйича ютуқларимизнинг бардавомлиги 2025 йил декабрь ойида 9–17 ёшли шахматчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида яна бир бор исботланди. “Рапид” ва “блиц” йўналишлари бўйича ўтказилган ушбу мусобақада юртимиз вакилларининг 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиши шунчаки рақамлар эмас, бу – ўзбек шахмат мактабининг дунёда пешқадам эканидан далолатдир. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаш – Ҳиндистон, Россия, Хитой каби шахмат гигантларини ортда қолдириш демакдир.

Нега биз шахматдаги ғалабаларга бунчалик катта урғу бермоқдамиз? Бунинг сабаблари бор, албатта. Биринчидан, шахмат – интеллектуал капитал. Шахмат билан шуғулланган бола мантиқий фикрлашга, қарор қабул қилишдан олдин унинг оқибатларини ҳисоблашга ўрганади. Бу эса келажакда илм-фан ва юқори технологиялар соҳасида рақобатдош кадрлар етишиб чиқишини таъминлайди.

Иккинчидан, ютуқлар – миллий нуфузни белгилайди. Халқаро майдонда шахматчиларимизнинг ғалабаси Ўзбекистонни “интеллектуал миллат” сифатида танитади. Бу инвестиция ва сайёҳлик жозибадорлигини оширувчи “юмшоқ куч” ҳисобланади.

Учинчидан, ғолиб шахматчиларимиз – ёшлар учун мотивация. Истеъдодли ўғил-қизларимизнинг таълим ва спортдаги ютуқлари тенгдошлари учун ўрнак бўлмоқда. Улар вақтни беҳуда сарфлаш эмас, балки ўз устида ишлаш орқали дунёни забт этиш мумкинлигини англамоқда.

Ёшлар жамият тараққиёти ва мамлакатимиз келажагини белгилаб берар экан, бизнинг вазифамиз уларнинг жисмоний ва руҳий тарбиясига, соғлом турмуш кечириши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига жиддий эътибор қаратишдир. Таълим муассасаларида ташкил этилган фан, ҳунар ва спорт тўгараклари ҳам айнан фарзандларимизнинг порлоқ истиқболини белгилашнинг муҳим омили эканини яхши тушунишимиз керак. Ёшларнинг бўш вақти – душманларнинг иш вақти эканини яхши англаб етишимиз лозим.

Мамлакатни дунёга танитишда, шунингдек, ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол қилиб тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс эканини яхши биламиз. Спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларимизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Бир ёдга олайлик-а, илгари бугунгидек замонавий сузиш ҳавзалари, теннис кортлари ёки гимнастика заллари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмас эди. Масалан, сузиш деганда, ариқ ёки каналларда, оддий санитария талабларига ҳам жавоб бермайдиган лойқа сув ва ҳовузларда чўмилишни тасаввур қилар эдик. Бунинг оқибатида республика аҳолиси, энг ёмони, болалар ўртасида оғир касалликлар ниҳоятда кўпайиб кетгани, оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон собиқ иттифоқда энг олдинги ўринларда тургани ҳам кечаги тарихимиздан яхши маълум.

Шу маънода, Президентимизнинг спортга қаратaётган эътибори ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, кўз олдимизга мактабларда, қишлоқ жойларда, маҳаллаларда очилаётган спорт тўгараклари, янгидан қурилган ёки тубдан қайта таъмирланган, замонавий жиҳозланган спорт иншоотлари келади.

Бугун уларда минглаб ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз ўз иродасини тоблаб, жисмонан ва руҳан соғлом бўлиб вояга етмоқда.

Ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашда халқаро мусобақаларда улкан натижаларни қайд этаётган спортчиларнинг бой ҳаётий тажрибаси, маҳорат ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш яхши самара беради. Ана шу мақсадда Олимпия ўйинлари ғолиблари, жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлган спортчилар туман ва шаҳарларга бириктирилди, спорт мактабларига раҳбарлик лавозимларига тайинланди.

Кейинги йилларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни кенг тарғиб қилиш борасида кўп ишлар қилинди. Маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида “Саломатлик йўлаклари”, спорт майдончалари қурилди, таълим муассасаларида спорт тўгараклари очилди, мактаб-интернатлар иш бошлади. Тўғри овқатланиш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Пировардида, халқимизнинг ўз саломатлиги ва спортга бўлган қарашлари тубдан ўзгарди.

Ўзбекистонлик спортчилар, хусусан, шахматчиларимизнинг эришаётган зафарлари – Янги Ўзбекистон равнақининг муносиб ифодасидир.

Бугун ёш чемпионларимизнинг ғалабалари ортида минглаб тенгдошларининг орзу-умидлари ва шижоати ётибди. Зеҳн ўткирлиги ва ақл бовар қилмас матонат талаб қилувчи бу спорт турида эришилган натижалар шуни англатадики, Ўзбекистон фарзандлари ҳар қандай соҳада, хоҳ илм-фан, хоҳ санъат ёки спорт бўлсин, энг юқори чўққиларни забт этишга қодир. Бизнинг асосий бойлигимиз – мана шундай билимли ва азм-у шижоатли ёшларимиздир. Галдагӣ вазифа ушбу муваффақиятлар занжирини узмаслик ва шахматнинг ҳар бир хонадонга, ҳар бир мактабга кириб боришини таъминлашдан иборат.

Жамолиддин БАДАЛОВ

“Жадид” газетасининг 2026 йил 9 январдаги 2-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856