21.08.2025 | 12:26
361
“ТУРКИСТОН ДАҲОСИ”НИНГ ЧИН БАҲОСИ
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан жадидшунос олим Ҳалим Саидовнинг “Туркистон даҳоси” китоби нашрдан чиқарилди. Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан босилган ушбу китобдан адабий-илмий мақолалар ўрин олган.

Ҳалим Саидов жадидлик ҳаракати, ўзбек жадид адабиёти ва публицистикаси, хусусан, Беҳбудий адабий шахсиятининг холис ва билимдон тадқиқотчисидир. Унинг ёзганларини эринмасдан синчиклаб ўқиш керак. Чунки бу ҳалим олим мақолаларини шунчаки ёзмайди. Мақола негизида муаллифнинг ўз мустақил қараши бўлади. Бу қараш ва ифода кўпинча бошқа жадидшунослар фикридан фарқ қилади ҳам. Аслида Ҳалим Саидовнинг ёзиш услуби, мақолаларининг ички структураси, ўзига хос хулосаларининг ўзи махсус тадқиқотларга мавзу бўла олади.
“Туркистон даҳоси” – жиддий китоб. Бу – Беҳбудий ҳаёти ва ижоди қарийб қирқ йилдан бери хаёлини эгаллаб юрган олимнинг китоби. Истиқлол йилларида Маҳмудхўжа Беҳбудий тўғрисида биринчилардан бўлиб илмий тадқиқот олиб бориб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ҳам шу йигит эди. Кўп давраларда Маҳмудхўжа Беҳбудий мавзуси ўртага чиққудек бўлса, биринчи навбатда Ҳалим Саидов номи, мақолалари, хизматлари хаёлимга келади. Бир неча ўн йиллар давомида айни шахсият, унинг ёзганлари таҳлили билан шуғулланган бу мутахассис ҳар жиҳатдан Беҳбудий феномени хусусида китоб таълиф этишга ҳақлидир. Диссертациясидан ташқари Ҳалим Саидовнинг даврий матбуотда бу мавзуда бир қанча жиддий мақолалар эълон этганини, ҳатто баҳс-мунозаралар кўтарилган паллада билимдон мутахассис сифатида аралашиб, жўяли фикрлар айтганини ҳам биламан.
Табиийки, бу изланиш палласида Беҳбудий нашр этган “Самарқанд” газетаси билан “Ойина” журналининг мазмун-мундарижасини ҳар жиҳатдан пухта ўрганди. Китобдаги ҳар икки вақтли матбуот нашрига тегишли “Самарқанд” – жадидлар ғоясининг тарғиботчиси” ҳамда “Журналларнинг энг биринчиси ва яхшиси…” деб номланган алоҳида икки мақола шу изланишлар ҳосиласидир.
Ҳалим Саидовнинг жадидлар публицистикаси, ўзбек драмасининг ибтидоси, жадид ҳикояси тўғрисида ёзганлари ҳам ўринли. “XX аср бошларида ёш адибларни муносиб тарбиялаб, уларнинг қўлидаги қаламни чархлаш, адабий асарлар яратиб, улар орқали ўзликни англашга ва оқибат халқни маърифат, маърифат воситасида эса ҳурриятга чорлаш жадидларнинг эзгу орзуси эди”. Айнан шу миссия, яъни адиблар етиштириш, маърифат тарқатиш ва ниҳоят ҳурриятга эришмоқ орзусининг концептуал негизини Беҳбудийдан топамиз. Тўғриси, бундай фикрларни ёзиш учун, албатта, ўша мураккаб давр адабий, ижтимоий, илмий манбаларини текшириб, уларни фикран бир тизимга солмоқ керак.
Ҳалим Саидов китобида жадидликка доир жуда кўп масала муҳокама қилинади. Беҳбудий ва унинг теграсидаги шахсиятлар фаолиятига ҳам диққат қаратилади. Жадидларнинг жиддий-ҳаётий ғояи аъмоли бўлган озодлик, истиқлол тушунчалари, хусусан, Туркистон мухторияти қисмати учун “Яшасун, Туркистон мухторияти!” номда алоҳида саҳифа ажратилади.
Биринчи манбаларни, ўзбек мумтоз ёзувида босилган вақтли матбуотдаги мақолаларни, хабарларни, адабий асарларни ўқиш, англаш ва уқиш – бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Арабий имлода ҳарф таниш билан баробар сабр, қунт ва энг муҳими, тамиз лозим. Тамиз дегани билим, фаҳм-фаросат ва анализга тўғри келади. Ўзбек мумтоз ёзувида босилган “Самарқанд” билан “Ойина”дан ташқари, Беҳбудийнинг ёзганларини “Таржимон”, “ТВГ”, “Тужжор”, “Улфат” билан “Ҳуррият”дан ҳам изламоқ лозим. Олим ана шундай изланишдан эринмади. У ўзидан олдин сарғайган саҳифалар чангини ютиб, қимматли адабий манбаларни табдил қилган олимлар хизматини ҳам унутмайди. Бу илмда адолат ва холислик тамойили демакдир. Ҳалим Саидов инсон ва олим сифатида айнан шу фазилати билан ҳам янги тоифадаги ёш-у қари жадидчилар учун намуна бўлади, деб ўйладим.
Жадидлардан ибрат олишнинг қиймати хусусида китобининг хулоса қисмида муаллиф ёзади: “Бугунги авлод олдида янги вазифа турибди – Ватанни дунёнинг ҳар жиҳатдан ривожланган етакчи давлатлари қаторига олиб чиқиш! Ана шу мақсадга эришсаккина озодлик йўлида қурбон бўлган боболарнинг руҳларини шод этган бўламиз”. Олим ҳақ.
Илм-фанда маълум бир адабий ҳодиса ёки муаммо, адиб шахсияти ёки бадиий асарлар муҳокамасида маънавий ҳақ-ҳуқуқ деган мўътабар тушунча бор. Шундай масалалар борки, унинг талқинчи-муаллифи баъзан илмий этикани унутади; асил мавзу билан йиллар бўйи машғул бўлган олим ёзганларини эсламайди ёки стилистик томондан маҳорат билан ўзгартириб ўзлаштиради. Гоҳида ҳошиябозлик билан “кўрганларимдан кўчирганларим” усулида ҳайбатидан одам қўрқадиган китобларни ҳам дўндиради.
Яна айрим масалалар бўладики, айнан уни ўз мутахассиси ёзмаганидан одам афсусланади. Ҳар ишнинг ўз эгаси бор. Аслида иш эгасини ва эгаси ишини топса – олам гулистон. Тўғриси, “Туркистон даҳоси” айнан иш эгасини топганидан дарак беради.
Баҳодир КАРИМ,
профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



