15.01.2026 | 10:01
1059
“ЯЛДО КЕЧАСИ”: ХУЛОСА ВА САБОҚЛАР
СИРЛИ МУАЛЛИФ КИМ ЭДИ?
Хабарингиз бор, “Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрь сонида “Суюнчи” рукнида “Ялдо кечаси”ни кутинг ва ўқинг!” номли суҳбат эълон қилиниб, унда “Хайбар-25” номли янги нашриёт фаолият бошлагани ва илк маҳсулоти сифатида “тўрт юз олтмиш бир бетдан иборат йирик ҳажмли, мураккаб сюжет ва композицияга эга фавқулодда ғаройиб тарихий роман” – “Ялдо кечаси” китобини нашрдан чиқараётгани айтилди. Асар қаҳрамонларининг муҳим ўй-фикрлари, ҳиссиёт ва кечинмалари акс этган айрим иқтибослар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди… лекин, унинг муаллифи сир тутилди. Албатта, жамиятимизнинг уйғоқ фикрли зиёлилари орасида дарҳол савол пайдо бўлди: машҳур “Ўткан кунлар”нинг давоми экани айтилаётган бу романни ким ёзган бўлиши мумкин?

Орадан кўп ўтмай, “Ҳуррият”, “Тошкент ҳақиқати”, “Адолат”, “Маърифат”, “Даракчи” газеталари ҳам асардан парчалар эълон қилди, “Севимли” телеканали бу ҳақда махсус лавҳа берди – яна муаллифи кўрсатилмаган ҳолда. Табиийки, китобхонлар ўртасида қизиқиш ва интрига кучайди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда баҳслар қизиди, таҳририятларга телефон қилиб сўраганлар бўлди.
Атоқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг: “Бу китобни у адабий мистификациядан фойдаланган ҳолда, “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби тарзида ёзди, буюк Қодирий номидан, Қодирий бўлиб ёзди; қаттол замон Қодирийнинг қўлини кишанлаб, унга ёзиш учун имкон бермаганлиги боис фозил издош ва увайс шогирд сифатида ёзди”, деган фикрлари ҳамманинг тилида айланди.
Қизиқ, ким бўлди экан, бу сирли муаллиф? Янги роман ўз номига мос тарзда айнан ялдо кечаси кутиладиган 21 декабрда тақдим этилар, муаллифнинг кимлиги ҳам ўша куни ойдинлашар экан. Шу ўринда, мен интернет каналини қизиқиш билан кузатиб борадиганим – ёш ижодкор Отабек Бакировнинг қуйидаги фикрлари умумий вазият ҳақида озми-кўпми тасаввур беради, деб ўйлайман:
“Таҳририятдан сўрасам, улар ҳам билмас экан. Билганларим асосида бир неча тахмин пайдо бўлди.
Биринчи тахминим – Қодирий умрининг сўнгги йилларида яна шоҳ асари руҳига қайтишга аҳд қилган-у, баъзи қораламаларни тайёрлашга ҳам улгурган. Аммо иш охиригача етмаган. Кейинчалик Қодирий муҳибларидан бўлган бирор адиб томонидан топилган асар тарҳи бойитилган.
Иккинчи тахминим – ХХ асрда тарихий асарлар ёзган ёзувчилардан кимдир “Ўткан кунлар”нинг давомини ёзишга журъат этган, аммо китоб қилиб чиқара олмаган. Иброҳим Ғафуров муаллифга “увайс шогирд” дея таъриф берганига қараганда, у Қодирий билан учрашмаган. “Фозил издош” эканига келсак, демак, маҳоратли ёзувчи экан-да. Тарихий-бадиий мавзуда ёзадиган адиблардан қай бири бу асарни ёзиб қолдирган? Уларнинг авлодлари қўлёзмани архивдан топиб, ноширга тақдим этган бўлиши мумкин.
Учинчи тахминим – бу улуғ ишга замондош адибларимиздан бири қўл урган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки тарихий мавзудаги асарларга қизиқиш ва эҳтиёж ортиб бормоқда бугун.
Тўғриси, асардан берилган парчаларни ўқиб, негадир, уни ёш ижодкор ёзмаганига амин бўлдим”.
“Худо хоҳласа, бу йил ялдо кечасини “Ялдо кечаси” романи мутолаасига бағишлашни ният қилдим. Роман чоп этилишини интизор кутяпман”.
“Бир ойдан бери китобхонлар орасида, ижтимоий тармоқларда, матбуот ва телевидениеда номи такрор-такрор зикр этилаётган “Ялдо кечаси” романи тақдимотига саноқли кунлар қолди. Муаллифи сир тутилса ҳам, адабиётсеварлар томонидан аллақачон бир неча ёзувчининг номи илгари сурилмоқда. Китобхонларнинг ички сезгисига шубҳа йўқ, бироқ эшитганингга эмас, кўрганингга ишон, деган нақл бор. Бўлғуси тақдимот иштирокчиларини яна бир адабиёт байрамига шоҳидлик билан табриклайман!”
Шу ўринда, бир воқеани айтиб ўтай. 10-синфда ўқирдим. Бир куни қўшнимизнинг тандирхонасида ётган эски журнални кўриб қолдим, тутантириққа ишлатилаётган экан, омон қолган қисмини сўраб олдим. Бир асар эндигина бошланган жойигача йиртилган экан, асар номи ҳам, муаллифи ҳам йўқ, мундарижага қарай десам, журналнинг охири ҳам йўқ. Ўқиб чиқдим, боши йўқ асар менда кучли таассурот уйғотди. Мен уни қисса деб ўйладим. Йиллар ўтди, кўп китоблар ўқидим, лекин ўша қиссани учратмадим. Китобхонлик малакам ошиб боргач, хаёлимга муҳрланиб қолган ўша қиссанинг номи “Кўнгил озодадур…” – муаллифи Хайриддин Султон, деган фикрга келдим. Орадан яна йиллар ўтиб, мазкур асар қўлимга теккач, тахминим тўғри эканини билдим.
Демоқчи бўлганим, жамиятимизда шоир-у ёзувчиларимизни адабий услуби ва салоҳиятига кўра фарқлаб оладиган китобхонлар бисёр. Газеталардаги кичик парчаларни ўқибоқ, асар муаллифини тўғри топган зукко ўқувчиларга – адабиётнинг чинакам синчиларига тасанно айтмоқ керак.
Дарвоқе, “Ялдо кечаси”нинг муаллифи билан боғлиқ сир ҳатто 21-декабрь куни пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуасида ўтган тақдимот сўнгига қадар ҳам аниқ маълум бўлмади. Қачонки, ушмундоқ юксак маърифий тадбирларда ровий деган рутбага эришган Олимжон Давлат якуний сўзни адиб Хайриддин Султонга берганидагина, йиғилганлар минбарга ушбу ғаройиб роман муаллифи чиқиб келаётганига амин бўлдилар.
БУНГАЧА…
Замонавий ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси, давлат ва жамоат арбоби Хайриддин Султон билан узоқ йиллар бирга ишлаб, адибнинг ижод жараёнларига ҳам гувоҳ бўлдим. Меҳнаткаш демайки, заҳматкашлиги, айни пайтда, теран тафаккури ва қуввайи ҳофизасининг ўткирлигини кузатдим. У кишини бир муддат ҳам бўш кўрмадим. Масъулиятли топшириқлар, бир кунда ўнлаб йўналишдаги ҳужжатлар оралиғида, ҳатто 10-15 дақиқа фурсат топилса ҳам, асар устида ишлаш, энг асосийси, шу вақт ичида асар руҳиятига қайта кира олиш, яна аксар ҳолларда ярим оқшомгача давом этадиган иш кунидан сўнг, тунни ҳам қўлёзмалар билан бедор ўтказмоқ – ёзувчидан озмунча фидокорлик талаб қилмаса керак. Бу сўзлар ўзи ёза олмайдиган, лекин ёзганни кўра олмайдиган айрим кўнгли кир кимсаларга менинг писандамдир.
Бир куни Хайриддин ака менга икки-уч бетлик бир қоғоз бериб, ўқиб фикр билдиришимни сўради. Тепасига “Махфий” деган тамға қўйилган ҳужжат билан танишар эканман, ҳайратдан тонг қотдим. “Сўровингизга биноан қуйидагиларни маълум қиламиз”, деб бошланувчи расмий хатда сиёсий қатағон қурбони бўлган партия-совет арбоби Қурбон Берегинга оид архивдаги ҳужжатлар орасидан 2060 бетдан иборат қўлёзма топилгани, мутахассислар фикрига кўра, у Абдулла Қодирий қаламига мансуб, эълон қилинмаган асар бўлиши мумкинлиги, ўз даврида Қодирий уни ўқиш учун Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Берегинга бергани, шу тариқа қўлёзма Берегиннинг “жиноий иши”га тикиб қўйилгани эҳтимоли айтилиб, қўлёзманинг ўзи ҳам тез орада тақдим қилиниши ёзилган эди.
– Умуман кутилмаган, жуда зўр воқеа-ку, – дедим ҳаяжонланиб. “Амир Умархоннинг канизи”микан?..
– Бўлиши мумкин, – деди Хайриддин ака. – Қўлёзма келсин-чи, маълум бўлар…
Ниҳоят, бир куни у кишидан мазкур қўлёзмани олиб, катта қизиқиш билан ўқир эканман, бу Абдулла Қодирий қаламига мансуб, ҳали эълон этилмаган янги бир асар эканига ишона бошладим. Унга “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби” деб тахмин қилинаётган асар” деб тагсарлавҳа қўйилгани эса ишончимни зиёда қилди.
Кейин маълум бўлдики, бу сўзбоши “Ялдо кечаси” романи учун Хайриддин Султон томонидан ёзилган бадиий тўқима экан. Уни шу ҳолида ҳам бемалол эълон қилса бўларди. Аммо адиб бундай қилмади. Яна узоқ ўйлади. Сўнг ушбу кириш сўзини шу кунларда Берлинда яшаган Илёс Собиров деган ўзбек муҳожири олмон архивидан топиб, нашриётга юборган номаълум бир қўлёзма сифатида талқин этиб, қайтадан ёзди. Гўёки, Қодирий асари Туркистон легиони билан боғлиқ ҳолда бу олис ўлкага бориб қолгандай тус олди. Бу фараз ҳам ишончли эди, чунки адиб бунга ҳам аниқ тарихий асослар топган эди – таниқли олим Баҳодир Карим шу мавзуга оид ноёб бир материални Германиядан топиб келиб, муаллифга берганидан хабарим бор эди. Лекин у киши сўзбошининг иккинчи вариантидан ҳам қониқмади ва китобда эълон қилинган бутунлай бошқа – учинчи вариантни яратди.
Бу мисоллар юқорида айтилган заҳматкашлик таърифига яна бир далил, холос. Хайриддин Султон биргина Кириш сўзини уч қайта буткул янгидан ёзгани каби, роман матнини ҳам узоқ вақт давомида такомиллаштиришдан, қайта-қайта таҳрир қилишдан эринмади. Шахсан ўзим асарни қўлёзма ҳолида икки марта ўқиб чиқдим – ҳар гал романда туб ўзгаришлар бўлаётганини кузатиб бордим. Айни пайтда, учинчи мутолаа китоб нашрдан чиққунга қадар яна жиддий бадиий ишловдан ўтганини кўрсатмоқда.
ТЎРТ ЖУМЛАДА БИР РОМАН МУЖАССАМ
Маълумки, машҳур “Ўткан кунлар” романи шундай якун топади: “Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисида суриштириб билдим: Ёдгорбекдан… икки ўғул қолибдир. Ўғулларидан биттаси Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ном-у нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар”.
Закий адиб шу тўрт жумлагина сўзда бутун бошли бир роман сюжетини кўра олди ва юксак маҳорат билан ушбу муҳташам асарни яратишга муваффақ бўлди. Уни “Ялдо кечаси” деб номлади. “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби” деб тахмин қилинаётган асар” деган мавҳумроқ номдан воз кечиб, асарни “Ўткан кунлар”га илова” деб атади. Ўзига хос камтарлик билан муқованинг ички саҳифасида “Тарихий ҳужжатлар асосидаги бадиий тўқима муаллифи Хайриддин Султон” деган эслатма берди, холос. “Бу асарнинг муаллифи – номлари кенг жамоатчиликка маълум ва ҳозирча номаълум бўлган юзлаб-минглаб ватандошларимиз, таъбир жоиз кўрилса, бутун ўзбек халқидир”, дея мардона таъкидлади.
ҚОДИРИЙ БОЛИДИН ҲАЛВО
Муаллиф ўзи учун маънавий пир деб билган Абдулла Қодирийнинг муборак номидан сўз айтмоққа журъат қилар экан, йиллар давомида ўзини бу улуғ ишга тайёрлади. Қодирий ҳақида, ул зотнинг ижоди асосида қатор асарлар яратди. Қутб Хоразмий: “Қазонтек қайнаб уш савдо пишурдум, Низомий болидин ҳалво пишурдум”, деб ёзганидек, ўзим гувоҳман – мавзуга доир ҳисобсиз тарихий манбалар, архив ҳужжатлари, мамлакатимиз ва чет элларда чоп этилган илмий тадқиқотлар, китоб, рисола ва мақолалар синчиклаб ўрганилди, сюжет ва бадиий хулосалар муаллиф қалбида қайнаб пишди.
Тўпланган тоғдек улкан материаллар, неча юз минг бетлик кўчирмалар “қарийб олти йил қилинган узлуксиз меҳнат, бедор ўтказилган тунлар, баъзан бир жумла ҳам ёзилмасдан хуноб бўлинган кунлар” ҳисобига бир ғоявий-бадиий чизиққа тизимлашиб, теран фикр, чўнг мантиқ асосида қодириёна етук асар дунёга келди.
Жаҳон адабиётида бунга ўхшаш айрим мисоллар мавжуд. Масалан, Иоганн Вольфганг Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” номли машҳур романидан 165 йил кейин унинг давоми сифатида яна бир атоқли олмон адиби – Томас Манн “Лотта Веймарда” деган асар ёзганини кўпчилик билади. Лекин Манн романида персонажлар ўзгаради Гётенинг ўзи бош қаҳрамонга, китоб биографик асарга айланиб кетади. Ёки Мигель де Сервантеснинг “Дон Кихот” асари ғоят оммалашиб кетгач, бошқа бир муаллиф ҳали Сервантес ҳаёт чоғида романнинг иккинчи қисмини ёзиб, унинг номидан эълон қилиб юборганига нима дейсиз? Бундан аччиқланган Сервантес ўзи енг шимариб, “Дон Кихот”нинг давомини ёзади. Лекин ҳар иккала “давом” ҳам биринчи китобдек шуҳрат қозона олмайди.
Мумтоз ва замонавий жаҳон адабиётининг билгичларидан бири сифатида Хайриддин Султон, албатта, бундай адабий ҳодисалардан яхши хабардор эди. Аммо ўзини кутиб турган адабий муаммолар, ҳаттоки, эҳтимолий таъна-дашномларга қарамасдан, у мана шундай улкан бир ишга қўл уришга қалбида куч ва жасорат топа билдики, бу унинг ғоявий ва бадиий мақсади билан узвий боғлиқдир.
ЁЗУВЧИНИНГ МАҚСАДИ
Адибнинг орзу-нияти Абдулла Қодирийнинг ўлмас шуҳратига шерик бўлиш ёки “Ўткан кунлар”нинг давомини ёзган қаламкаш сифатида арзон-гаров обрў қозониш эмас. Асло! Чунки Хайриддин Султон катта ёзувчи, бинобарин, обрў-эътибори ўзига етарли, миллий адабиётимизда муносиб ва мустаҳкам ўрнига эга. Абдулла Қодирий номидан сўз айтиш эса ўзининг қалбини ўртаб келаётган ғоят муҳим фикрларни, бугунги ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларини ўқувчи онгига чуқур сингдирмоқ, шу фавқулодда услуб билан асарнинг таъсир кучини оширмоқ учун восита сифатида танланган йўлдир.
Муаллиф бундан юз-юз эллик йил наридаги “ўткан кунлар”имиздан сўз очар экан, аслида, изтиробли тарих тимсолида ҳозирги кунимизнинг энг ўткир ва дардли оғриқларини одамларга етказмоққа интилади. “Эй, инсон, бу ҳаётда сабий, гўл бўлиб қолма! Кўзингни оч, ҳушёр бўл!” дея ҳайқиради. Эл-юрт аҳлини киприкдаги ёшдек қалқиб турган бугунги нотинч замонга уйғоқ нигоҳ билан қарашга даъват қилади. Гоҳ Отабек, гоҳ Озодбек бўлиб, гоҳо эса Одилбек ёки Нусратхон тўра бўлиб, барчамизни дунёнинг етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган қинғир ва ғирром геосиёсий ўйинларидан огоҳ этишга ҳаракат қилади.
Хоссатан, Отабекнинг армон билан айтган қуйидаги сўзларини ўқинг – фарёд тўла бу ҳақиқатлар бугун ҳам жаҳон саҳнасида кечаётган воқеаларнинг айнан акси эмасми: “Фикри ожизимча, бу икки подишоҳ – улар бир-бирлари ила хеш-ақрабо эканлари ҳам ҳазратимға махфий эрмас – ушбу йўсинда зимдан келишиб олғанлар. Яъниким, Оқ подишоҳ ҳукумати ингилисларнинг Ҳиндистондағи ҳукмдорлиқ сиёсатиға дахл этмаса, ингилис салтанати ҳам уларнинг Туркистонда мўлжал қилған истилосиға мутлақо аралашмас. Зеро, кичик бир мусулмон улусини деб соҳиби дунё бўлған икки насроний давлат бир-бирига қарши тиғ кўтармас, олампаноҳ…”
Шу ўринда, “Ялдо кечаси”да Отабек бутунлай янги – ижтимоий-сиёсий ракурсда намоён бўлганини алоҳида таъкидламоқ зарур. Замона аъёнларининг “фикри зикри амал, фитна-фасод, ришват, хазинани талаш, хотин устига хотин олиш…” бўлган бир даврда Отабек тараққийпарвар, айни вақтда эрка бир бекзодадан чинакам Ватан ҳимоячисига айлана боради. Аввал – “Ўткан кунлар”да соф муҳаббати учун курашган бўлса, энди Ватан озодлиги учун жангга киради. “Мамлакат тинчлиги ва осойиши йўлида бир арзимас бош кетса… ҳеч бокиси йўқдир”, дея бу улуғ йўлда азиз жонини фидо қилади.
Отабекнинг Қўқон хони Султон Саййидхон номига йўллаган мактубидаги: “Дашти Қипчоқ ери барча аҳли ислом мулкининг дарвозаси – киндигидир! Кимки бу мулкни қўлға киритса, алал-оқибат наинки Хўқанд, балки Хева-ю Бухоро давлатларини ҳам қўлға киритгай”, деган очиқ башорати тарих қатларига кўмилиб кетмаганини, аксинча, бугун ҳам нақадар долзарб эканини барчамиз яхши англашимиз даркор. Бу гапларнинг маъносини чақяпсизми? Илло, бу изтиробли хитоблар “бамисоли қабристонда азон чақирган каби акс-садосиз йўқолиб” кетмасин!
Ёки Отабекнинг набираси Озодбекнинг мана бу сўзларини ҳозирги замон учун дахлсиз, деб ўйлайсизми: “Иним, бошингни қонли челакка тиқма… Чунки, куч баробар эмас, имкон, силоҳларимиз тенг эмас… На Туркия, на Оврупо – ҳеч қайсиси бизни деб, ўз халқининг манфаати ва ҳаловатини хатарға қўймас. “Туркия-Туркия” деб тамшанған билан оғиз чучимас. Туркия ҳам собиқ бир империя эканини, улуғдавлатчилиқ касали унга-да бегона эмаслигини унутмаслик зарур. Қолаберса, Отатурк Ленин билан оғиз-бурун ўпишиб юрганини билурмисан? Биз фақат Яратган эгам ва ёлғиз ўз кучимизға таянмоғимиз лозим. Дунё ер юзидаги қудратли салтанатлар ўртасида аллақачон тақсим қилиб бўлинған. Бул тақсимотда биз – Туркистон каби ночор ва заиф ўлкаларнинг улуши йўқ даражададур… Агарки биз миллат, давлат ўлароқ дунё харитасидан буткул ўчиб кетсак ҳам, бул фожиа жаҳон хожаларини чивин чаққан каби сескантирмас. Бас, ҳол шундай экан, биз ўзимизни жаҳаннам оташиға отмаслиғимиз, аксинча, элимиз, юртимизни қандай қилиб бўлса-да, йўқ бўлиб кетишдан асраб қолиш ҳақида қайғуришимиз керак. Туркистон яна бир мухторият қирғинини кўтара олмас”.
Бу аламли, лекин ҳаққоний фикрларни хотиржам тинглаш мумкинми?!
Тарих ўзгармайди, исмлар ва қиёфалар ўзгаради, холос. Асарни ўқир экансиз, ногоҳ унинг таг-замиридаги теран фикрларни англаб, қиличнинг тиғидек кескир бир савол этингизни жунжиктириб юборади: биз – юрт учун жонини қурбон қилган мана шундай қаҳрамон зотларнинг авлодлари бугунги нотинч дунёда Ватанимиз мустақиллигини ҳар сония, ҳар дақиқа ҳимоя қилишга қодирмизми?
Романдаги реал прототипга эга бўлган, яъни улуғ маърифатпарвар Исъҳоқхон Ибрат шахсини бадиийлаштирган оқил мўйсафид – Нусратхон тўранинг мана бу фикрлари нафақат бугун, балки узоқ келажакда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаслиги шубҳасиз: “Ниятлари гўзал, орзулари-да сарафроз. Аммо мамлакатдорлиқ ёлғиз ҳой-у ҳавас билан пойдор бўлмас. Иқтидор, аввалан, ҳарбий иқтидор керак. Сармоявий қудрат лозим. Сониян, эл-улуснинг якдиллиги, қўллови даркор. Таассуфки, мухториятда мана шу уч нимарсанинг биронтаси ҳам йўқтур. Бўлса-да, чала ва заифдир. Мана, ўзинг мушоҳада эт. Бас, бу кунги ҳолимизни хотирға келтуриб, истиқболимизни тайин этайлик”.
Абдулла Қодирийнинг муносиб невараси Хондамир Қодирийнинг тақдимот маросимида айтган гаплари ҳаммамизни ўйлантириши зарур: “Ўткан кунлар” романи ҳам, “Ялдо кечаси” асари ҳам бизни, энг аввало, азиз Ватанимизни, унинг озодлиги ва мустақиллигини асрашга, миллий истиқлолнинг қадрига етишга чорлайди. Зотан, кўҳна тарих шундан сабоқ берадики, мустақиллик, озодлик ва эркинлик ҳимояси йўлида бир умр огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлишимиз керак”.
Ахир, бу аччиқ ҳақиқатлар мустабид тузум зулми туфайли Абдулла Қодирийнинг юрагида армон бўлиб қолган сўзлар эмасми? Буюк Қодирий “Ўткан кунлар”да эл-у юрт дардидаги фиғону фарёдларини имкон қадар баён этган бўлса, “Ялдо кечаси”да бу фикрлар янада дадил ифода этилганини кўрамиз.
“Ўткан кунлар”даги Юсуфбек ҳожи билан боғлиқ қуйидаги саҳна эсингиздадир: “Беклар, маним ҳамма мулоҳазам юрт, эл манфаати нуқтасидан туриб айтиладир… Бас, айб қипчоқда эмас, балки унинг манфаати шахсияси йўлида иш кўргучи бошлиқларида ва қипчоқлар ўйлағандек гуноҳ қора чопонлиларда бўлмай, балки унинг уч-тўрт маънисиз бекларида!.. Буродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон деб қирилишсақ, ҳолимиз нима бўладир? Бу тўғрида ҳам фикр қилғучимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўйғанмизми?! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман!”
Юсуфбек ҳожининг кўзда ёш билан айтаётган бу гапларини ўша вақтда “Тошканднинг етуклик ашроф ва аъёнидан” бўлган энг олди бек ва амалдорлари тушунмагани, тушунмаслик не, ҳатто донишманд ҳожини “ёши қайтиб, кўнгли жуда ҳам бўшашиб кетган”га чиқариб, “олдидағи овни кўрмай, узоқдаги ёвни кўрадир”ган “кўкнорихаёл”га чиқариб, “худда-худда”лаб кулгани сингари бугун ҳам жамиятимизда шундай ачинарли ҳодисаларга гувоҳ бўлмаяпмизми? Глобал дунёда кутилган ва кутилмаган жиддий хатарлар бошимизга хавф солиб турганида, дейлик, Тошканд беклари ягона душмани сифатида қипчоқни кўрганидек, ўзбек зиёлиси учун бугун Абдулла Қаҳҳордан бошқа душман йўқмикин, деб ўйлаб қоласиз. Юсуфбек ҳожи дардчил жилмайгандай бўлади: “Ана, ўғлим, бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам!”
Тақдимот маросимида, Хайриддин Султон ўринли таъкидлаганидек, ушбу асар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда амалга оширилаётган очиқлик ва эркинлик сиёсатининг амалий ҳосиласи сифатида дунёга келди. Чиндан ҳам, давлатимиз раҳбари айтганидек, агарки, ҳар жабҳада юксак салоҳият соҳиблари бўлган, эҳтимол, юз йилда бир марта дунёга келадиган бу аждодларимиз йўқ қилинмаганида, уларнинг ғоя ва дастурлари амалга ошганида эди, Туркистон ўлкаси – ҳозирги Марказий Осиё жумҳуриятлари қаторида Ўзбекистон ҳам қандай гуллаб-гуркираган, бугун бизни қийнаётган оғир муаммолар балки бундан юз йил аввал барҳам топган бўларди. Минг афсуски, мустабид тузум бунга йўл қўймади. Уларни қатл ва қатағон қилди. Аммо бу фидойи зотларнинг руҳини, тафаккурини маҳв этолмади.
“Ялдо кечаси” романи эл-юрт озодлиги учун қурбон бўлган фидойи аждодларимизнинг ўлмас руҳи ва тафаккурини ўзида жо этгани ва бугунги кун учун ғоят муҳим бўлган ғоявий-сиёсий моҳияти билан беқиёс аҳамиятга эгадир.
БИР АЧЧИҚ КУЛГИ
Асарда гўёки Қодирий номидан битилган “Ёзғучидан” деган қисқа эскартма берилган. Келинг, шу ихчам матндан узунроқ иқтибос келтирайлик:
“Қадим асрлардан то бизнинг кунларга қадар халқимиз турмуш воқелигидан йироқ афсона ва эртакларни тинглаб-ўқиб келадир. Ота-боболаримиздан қолған ширин-ширин китоблар, қисса ва ривоятлар бисёр. Икки-уч юз йилдан буён ана ўшаларнинг баракасида қонимизни совутмай келдик.
Буларнинг руҳиятка берган маънавий таъсирини инкор этмак мумкинми?
Бекорчилиқдан зерикиб, “Бобо Равшан”ни очасиз-да, Қашамшамнинг дулдулни миниб, аждарни ўлдиргали кетканини ўқийсиз… Ана шул фурсатдағи кайфни кўринг! Ўзингизни бамисоли Қашамшам деб хаёл қиласиз-да, тилсимга кўмилган аждарға қараб туриб, қўлингиздағи елпуғичнинг йўғон ёғочи билан андоғ урасизки, хонадағи бор бисот-бағалингиз чилпарчин бўлуб, чанг-тўзони осмони фалакка кўтариладир.
Наинки авом, балки замонанинг фозил-у орифлари, юрт сўраған ҳукамоларининг ҳам танглайи мана шундай асотирлар ила кўтарилган эди, десак, сўзимиз ёлғон бўлмас. Инчунун, Бухорои шарифдек муаззам бир салтанатда даврон сурган амири Ҳайдар узун қиш кечалари саройға қиссахонларни тўплаб, улардан достон-у чўпчак эшитиб, хаёлот дарёсиға ғарқ бўлар экан.
Ривоят қилурларким, мазкур амири Ҳайдар зимистон бир кечада Чори бахшидан “Алпомиш” достонини тинглаб ўлтириб, сўз Алпомишнинг қалмоқ қўлиға тутқун бўлиб тушкан ерига етканида, азбаройи ҳаяжони жўшиб, сакраб отқа минган ва сипоҳий-сарбозлариға юзланиб: “Кетдик қалмоқ элига – бориб Алпомишни қутқарамиз!” деб хитоб қилған экан”.
Қандай оғир ва алам-ангез ҳақиқат – бир аччиқ кулги бор бу сўзларда. Ахир, тарихда халқимиз ҳаётининг катта қисми мана шундай турмушдан йироқ бўлган афсона-ю чўпчакларга – “ширин-ширин” ривоятларга андармон бўлиб ўтиб кетмадими? Достондаги Алпомишни қутқармоққа шайланган ҳукмдор аҳволидан куласизми-куясизми? Таниқли адиб Эфраим Севеланинг ижодида шу нарсани кузатганман: чин миллатпарвар ёзувчи миллатнинг эмас, унинг нуқсон-у айблари устидан ошкора кулиб, аслида ботинан йиғлаб ёзади.
Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидаги машҳур парчаларни эсланг:
“– Ҳожи бобо, китобдаги бир масалага шубҳа қилиб қолдик. Абу Муслими соҳибқирон билан Насири Сайёри Беор дашти Хуросонда жанг қилганда ул жанобнинг бошларига-ку, Насири Сайёр тўқсон олти минг ботмонлик гурзигарон билан урган эди. Шунда ул жаноб тиззагача ерга ботган эдиларми, ёки белгачами? Бултурги ўқиган нусхамизда тиззагача дейилган эди. Бу йилгисида белгача, деб ёзилган.
– Тиззагача дегани тўғри, – деди Ҳожи бобо, – чунки қоидаи паҳлавонлик уч зарб бўлади. Биринчи зарбда тиззагача, иккинчи зарбда белгача, учинчи зарбда елкагача. Наузанбиллоҳ, бир зарбда ул сакбачча жанобни белларигача ерга ботирган бўлса, иккинчи зарбда қулоқларигача ботириб, зўравонлик Язид билан Марвониҳарда қолар эди…”
“Гермон дегани олтита томонида кўзи бор, қанотли бир тоифа эмиш. Оқ пошшонинг бир талай шаҳарларини ер билан яксон қилган эмиш. Айниқса, ўрмаловчи бир тўп чиқарган эмиш, бу тўпи аждар наслидан эмиш. Гермонга фақат Абу Муслим, Қаҳрамони қотил, Халифайи Румдай соҳибқиронлар бас келмаса, бошқаси бас келолмас эмиш…”
Астағфируллоҳ, илм-у урфон қўйдай адашиб Европа томонларга ўтиб кетган (Миркарим Осим ибораси), “гермон дегани аждар наслидан тўп ишлаб чиқараётган” бир замонда, биз “қадим асрлардан то бизнинг кунларга қадар” турли чўпчаклар тўқиб, “тиззаларигача ерга кириб кетдиларми, белларигача?” дея баҳс бойлаб, Насири Сайёрни “Ё Али!” деб даст кўтариб, муборак бошларидан етти маротаба айлантириб-айлантириб осмонга отган ва бир ош пишгунга қадар кўздан ғойиб бўлиб кетган ул нопокнинг вужудини баъдаз муборак қўллари билан тутиб олган Абу Муслим жангномалари сингари лоф тўла ўтирик-ўшшакларга “киройи мардоналик бу бўлибдур”, дея ўзимизни овутиб юрмадикми?
Бугун-чи, бугун? Интернет тармоқларига бир қаранг. Замондошларимиз “бел боғлаб” баҳслашиб ётган майдон ўта тор, ўта маиший ва ҳатто маиший бузуқ мавзулар эмасми? Наҳотки, “тўнни узун киймоқ мақбулми ё қисқа”дан бошқа ўйлайдиган жиддийроқ масаламиз бўлмаса? Буларни кўрар экан, шоирга қўшилиб: “Шулар ўйлармикин тупроғимизни, Шулар кўтарарми элнинг юкини?” дея ҳайқириб юборгингиз келади.
Хайриддин Султон – миллатпарвар адиб, бир зиёли, соғлом фикрли инсон ўлароқ ўлкамизнинг қонли ва шонли тарихини, эл-у юрт бошига тушган қора кунлар моҳиятини англаб ларзага тушади. Бугунги маънавий эврилишларни кўриб-кузатиб, қаттиқ хавотирлик туяди.
У “миллий озодлик учун жонини тиккан, Ватан ва келгуси насллар тақдири ҳақида қон ютиб қайғурган қаҳрамон, жувонмард ва жувонмарг аждодларимизнинг кураш йўли, мурод-маслаклари, орзу-интилишлари, ақл-заковати, букилмас иймон-иродаси, қанчалар аянчли кечган бўлмасин, ибратли қисмати ҳақида замондошлар, алалхусус, ёш авлодимиз кўпроқ билишлари, ҳаққоний тасаввурга эга бўлишларини” истади. Мана шу енгилмас истак – аждодларимизнинг маънавий васияти худди қиёмат қарз каби унга тинчлик бермади ва қўлига қалам тутқазди.
“Алқисса, энди даврон ўзгариб, ана шу чўпчак-афсоналар ўрнини босадирған, замон талаби ва закий зотлар таъбиға мос келадирган бирон ҳаққоний асар битмоққа кўпдин буён орзуманд эдим”, дея буюк Қодирий тилидан сўзлади у.
Адиб жиддий китобларни қўйинг, ҳатто телефонидаги бир-икки оғиз жумлани ҳам ўқишга эринадиган, кўзи очиқ мудрайдиган бефарқ замондошларимизнинг ҳам фикрини уйғотмоқ мақсадида мана шундай бадиий интригани ўйлаб топди.
Никколо Макиавеллининг фалсафаси ва инглизча ибора билан айтганда, “Тҳе энд жустифиес тҳе меанс”, яъни мақсад – воситани оқлайди, албатта. Аммо бу ўринда Алберт Эйнштейннинг ҳам фикри муҳим: “Номуносиб воситаларни оқловчи мақсад ҳеч қачон юксак мақсад бўлолмайди”. “Ялдо кечаси” романи муаллифининг мақсади ҳам, мақсад йўлида қўллаган воситаси ҳам эзгу ва хайрли эканини алоҳида таъкид этмоқ зарур. Биргина далил: кўплаб китобхонлар, зиёлиларимиз янги асар мутолаасидан сўнг “Ўткан кунлар”ни қайта ўқишга тутинганлари, шунга ички бир эҳтиёж туғилганини айтмоқдалар.
Шоир айтадики: “Унинг шеър ёзмаслиги эҳтимол, Луис Моран аммо шоирдир”. Ўқувчи “Ялдо кечаси” мутолаасига киришар экан, ундаги “Ўткан кунлар” руҳияти яққол акс этадиган “Пири сиддиқ. Икки ғариб” номли илк сарлавҳани ўқибоқ, кўнглида “Бу асарни Қодирий ёзмагани эҳтимол, лекин ёзса – худди шундай ёзган бўларди”, деган ишонч қатъийлашади.
УСМОН ҚУРЪОНИНИНГ ҚАЙТИШИ
Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам китобхонларимизга “Ялдо кечаси” романининг энг ҳаяжонли, энг таъсирчан бўлимларидан бири – “Мусъҳафи шарифнинг қайтиши”ни алоҳида эътибор билан ўқишни тавсия этган бўлардим. У саҳифаларда “тамоми ер юзидаги мусулмония олимлариға маълум” бўлган Усмон Мусъҳафи тарихидан ҳикоя қилинади.
Айтиш лозимки, бир пайтлар чор истилочилари томонидан алдов ва қўрқитиш йўли билан ўлкамиздан олиб кетилган бу табаррук китобнинг юртимизга қайтарилиши билан боғлиқ воқеалар адабиётимизда ҳали ёритилмаган мавзулардан бири эди. Романнинг “Ёдгорбек Отабек ўғлидирман…” номли бобидан бошлаб унинг мазмунига маҳорат билан сингдирилган ушбу воқеа баёнини, таъбир жоиз бўлса, асар ичидаги мустақил асар сифатида баҳоласак, хато қилмаган бўламиз.
Китобда Нусратхон тўра номидан айтилган бир башорат бор: “Мусъҳафи шариф неча йиллар ҳукумат тасарруфида бўлар – буни билмасман, аммо иймоним комилким, бир кун келиб у яна мусулмонлар қўлига ўткай ва шундагина Туркистон чин маъноси ила истиқлол ва озодлиққа эришгай”.
Дарҳақиқат, 1923-йилдан бошлаб совет музейларида сақланган Усмон Қуръони 1989-йили мусулмонлар идораси ихтиёрига топширилгач, орадан икки йил ўтиб юртимиз мустақиллиги қўлга киритилади. Бу, албатта, кейин юз берган воқеалар. Ҳозир эса “Ялдо кечаси”га қайтайлик.
“Пойиз ўтиб бораётған Тотористон ва Қазоқия ерларида, – деб тасвирланади асарда, – туя ва от минган ҳамда пойи-пиёда сон-саноқсиз одамлар саҳро-ю чўллар, яйлов ва ўрмонларда яшил туғ ва аламларни ҳилпиратиб, кўзлари ёшқа тўлған ҳолда, “Аллоҳу акбар!”, “Аллоҳу акбар!”, “Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”, “Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд!” деган хитоблар билан махсус вагўн ортидан югуриб-елиб келар эдилар.
Оташ ароба тўхтаған бекатларда эса ёш-у қари, эркаг-у аёл аралаш тумонат мардум вагўнларға ёпирилиб ичкарига киришка уринар, қуролланган соқчилар бунга изн бермагач, ҳеч қурса, пойизнинг эшик ва ойналарини, бу ҳам муяссар бўлмаса, темир ғилдиракларини тавоф қилмоққа жон-жаҳди ила интилар эди. Ўзини мўмин-мусулмон санаған ҳар бир инсон бу шукуҳли карвон йўлиға пешвоз чиқишни, шу тариқа улуғ бир савобға дохил бўлишни илоҳий бурч, деб биларди”.
Бу вагонда Усмон Мусъҳафи Бошқирдистондан Туркистонга олиб келинмоқда эди. Ана шундай юксак эътиқод-у эътимод, асъаса-ю дабдаба билан юртга олиб келинган китобнинг ҳоли кейин не кечди? Афсус, минг афсус…
Китобда гўёки нашриёт номидан берилган изоҳда шундай аламли сўзларни ўқиймиз: “…орадан бир неча йил ўтиб (яъни, мустақиллик арафасида – И.И.), Тошкент кўчаларини тўлдирган минг-минг кишиларнинг ҳаяжонли ҳайқириқлари, шод-у хуррамлик садолари остида Мусулмонлар идорасига топширилган Усмон Мусъҳафи билан боғлиқ ақл бовар этмас хунук бир воқеа содир бўлади. Яъни, ҳеч кутилмаганда, 353 саҳифалик бу мўътабар китобнинг 15 варағи йўқолгани ҳақида гап-сўзлар тарқалади. Устига устак, Лондонда ўтказилган кимошди савдосида унинг ҳар бир варағи 55 минг доллардан баҳоланади. Шов-шув кўтарилади, текширувлар бошланади. Дунё музейларида бу ноёб китобнинг олтитагина нусхаси сақланар экан. Бошқаларга сўров юборилса, уларда бус-бутун турибди, Тошкентда эса…
Маълум бўлишича, китоб топширилган ўша маҳкамада ишловчи тўрт киши тил бириктириб, ўн бешта варақни китобдан қирқиб олиб, бир ажнабийга 2 (икки) минг доллар(!)га сотган экан…”
Асарнинг кейинги сатрлари бундан ҳам дардли:
“Оғир бир савол одамни қийнайди, изтиробга солади. Ушбу Қуръони карим уч асрдан зиёд вақт давомида Самарқандда, кейин қарийб ярим аср чор Россияси кутубхонасида, етти йил Уфа шаҳрида, сўнгра эса олтмиш беш йил мобайнида совет Ўзбекистони музейларида асраб келинди. Мана шундай узоқ даврлар мобайнида юз берган истило ва босқинлар, жаҳон ва фуқаролик урушлари, очарчилик ва қаҳатчилик, қатағон қирғинлари, зилзила ва тошқинлар, ашаддий атеизм хуружларига қарамасдан, тўрт юз йилдан ортиқ вақт мобайнида бирон саҳифаси у ёқда турсин, биронта ҳарфига зарар етмасдан безавол, бешикаст сақланди. Ва ниҳоят, Мусъҳафи шариф Мусулмонлар идорасига берилганидан сўнг уч-тўрт йил ўтиб, мана шундай ёвузлик содир этилди!”
Қандай чидаб бўлмас иснод бу! Юрагида виждони уйғоқ ҳар бир инсоннинг “қаҳр-у ғазабдан бир газ сакраб” тушиши шубҳасиз бундай шармандаликдан.
Лекин, минг афсуски, бу воқеа уйдирма ёки бадиий тўқима эмас, ҳаётий асосга эга, очиқ манбаларда эълон қилинган тарихий ҳақиқатдир.
Асар давомида яна қуйидаги сўзларни ўқиймиз:
“…Ривоятларға кўра, ҳазрати Усмон мазкур Мусъҳафи шарифни ўқиб ўлтирған чоғларида шаҳид этилганлар. Ул зотнинг муборак қонлари мана шу кўриб турғанингиз саҳифаларга сачраб, доғлари то ҳануз сақланиб қолған…
Озодбек Каломуллоҳни кўз нури ила тавоф қилар экан, “Отамнинг ҳам қони сачраған!” – деган фикр кўнглидан ўтди”.
Оталарнинг, боболарнинг мўътабар қони сачраган, бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кенг жамоатчиликка намойиш этилаётган, мусулмон оламининг энг улуғ ва муқадас дурдоналаридан бири бўлмиш Усмон Мусъҳафининг “шукуҳли ва айни чоғдаги маҳзун тарихи” мана шундай. Китобхонларимиз бу тарихдан – “қоғоз бетига тушган ҳар бир сўз, ҳар бир ибора ўт сочиб ёнаётган” саҳифалардан ибратли хулосалар чиқариб яшаши бугунги кунимиз учун нақадар зарурдир.
НОВАТОР АДИБ
Одатда, аксар ёзувчилар ёши улғая боргани сари кўпроқ анъанавий ижод йўсинига, ҳатто кўпроқ дидактикага мойил бўлиб бориши сир эмас. Улар замонавий адабий тажрибаларга нафақат қўл уради, аксинча, шу ҳаракатдаги ёш ижодкорларнинг изланишларини қабул қилиши ҳам қийин кечади.
Хайриддин Султоннинг кейинги йилларда эълон қилинган асарларига назар ташласак, бунинг акси намоён бўлади. Замонавий ўзбек адабиёти намояндаларини, уларнинг тақдир йўлларини бир рамзий бино атрофига жамлаган “Навоий-30” китоби, фақат қаҳрамонлар монологи асосига қурилган “Одамлардан тинглаб ҳикоя” тўплами, телефон қўнғироқларидаги суҳбат-мулоқотлар орқали бугуннинг алғов-далғов манзараси моҳирона акс эттирилган “Ишонч телефони” қиссаси, миллий адабиётимизда деярли ёритилмаган учувчилар образи галереясини тақдим этган “Осмони фалакларда” асари, мозий ва ҳозирги кун ажиб бир уйғунликда тасвирланган “Улуғ амир ва донна Мария” адабий сценарийси орқали биз бу муаллифни новатор бир адиб сифатида кўрамиз.
Адабий мистификация усулидан фойдаланиб яратилган “Ялдо кечаси” романи эса, бемалол айтиш мумкинки, замонавий ўзбек адабиёти учун чинакам кашфиётдир.
Аслида, Хайриддин Султон ҳар бир янги асарини битар экан, Қодирий таъбири билан айтганда, “мазмуни замонасозлиқ” йўсинида ёки ёшларга ёқмоқ умидида янгиликка қўл урмайди. Билъакс, новаторлик аввал-бошдан адиб ижодига хос асосий хусусиятлардан бири эди, десак, адашмаган бўламиз. Масалан, ижодий фантазия ва фантасмагориянинг ажойиб намунаси бўлган “Кўнгил озодадур” қиссасида камбағал аспирант Ғуломнинг ижара хонада гоҳ Гулханий, гоҳ унинг бетакрор “Зарбулмасал” асаридаги қушлар билан гурунг қилиб ўтириши ёки “Ёзнинг ёлғиз ёдгори”да Насиббекнинг қатл саҳнаси жонсиз бир буюм – М. тилидан ифодаланиши ана шундай услуб изланишлари маҳсулидир.
Энг асосийси, бу адабий тажрибалар шакл кетидан қувиб, мазмунни унутишга олиб келмайди, яъни мазмун шаклга қурбон қилинмайди. Айни пайтда, муаллиф тафаккури дарёнинг нариги қирғоғидан эмас, ўзлигимиздан, миллий заминимиз, мумтоз адабиётимизнинг асл шарқона мажоз ва фалсафасидан қувват олиши боис, бундай бетакрор бадиий талқинлар ўқувчини ишонтиради. Янаям муҳим жиҳати – ёзувчи адабиётимизга янгилик олиб кирар экан, бирон жойда буни пеш қилмаслиги, мақтанмаслиги, аксинча, сокин дарё каби ижод йўлини тинчгина давом эттириши, албатта, эҳтиромга сазовордир.
Хайриддин Султоннинг кейинги асарларида мана шу новаторлик услублари янги босқичга кўтарилиб бораётганини кузатамиз. Адиб ғайрат-шижоат билан мана шундай адабий изланишлар асосида оригинал асарлар яратиб келаётгани ёш ижодкорларимиз учун ибрат ва намунадир.
Албатта, бу хусусият ҳали адабиётшунослар томонидан ўрганилар, ёритилар, деб умид қиламиз. Биз, ўрни келганда, кичик бир таъкид билан чекландик, холос.
АГАРКИ…
“Ялдо кечаси” романини чоп этган “Хайбар-25” нашриёти ходимларининг маълум қилишича, китоб жамиятимизда жиддий резонанс уйғотиб, айниқса, ёшлар орасида унга қизиқиш тобора ортиб бораётган экан.
Агарки, халқимиз, фарзандларимиз ушбу асарни синчиклаб ва тушуниб ўқиса, унда кўтарилган мавзуларни бугунги кун нуқтаи назари билан тафаккур қилиб, зарур хулосалар чиқара олса, даврнинг турфа ҳодисотларига, замон зиддиятларига бефарқ бўлмасдан, чуқур таҳлил эта билса, хатарларни тўғри англаб, оқни қорадан ажратса, Ватан ва миллат қайғуси уларнинг ҳам онги ва қалбидан жой олса, демакки, бу китобдан кўзланган мақсадга эришилмоқда, деб айта оламиз.
Икром ИСКАНДАР
“Жадид” газетасининг 2026 йил 9 январдаги 2-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
825
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



