Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


03.12.2025 | 15:35

img160

“ЖАРАЁН” ШУНЧАЛИК ЗЎР АСАРМИ?

Австриялик адиб, модернизм йўналишининг таниқли вакили Франц Кафканинг “Жараён” романини ўқир эканман, унинг қаҳрамонларни шунча гап-сўз, нутқ ва ваъзхонлик мақомидаги узундан узоқ савол-жавоблар билан таъминлаш маҳоратига қойил қолдим. Асарда тасвир тиниқ, жумлалар пишиқ-пухта, сўзлар занжири мустаҳкам, драматизм, психологизм кучлилигини ҳам тан олмасдан илож йўқ. Роман ёзувчининг ашаддий мухлиси Вафо Файзуллоҳ томонидан ўзбек тилига қойилмақом ўгирилган, бу борада эътироз йўқ. Гап шундаки… Китобни ўқиш учун кетган вақтим эвазига нима олдим, деган саволга аниқ жавоб масаласида бошим қотди.

Кафка асарларини қайта-қайта, алоҳи­да тайёргарлик билан ўқиш зарурлиги тўғрисида ёзадилар. Меним­ча, маса­лан, “Жараён”, “Эври­лиш” асарларини тадқиқотчилар қайта ўқисалар керак. “Қишлоқ врачи” ҳикоясида кўнгил­ни беҳузур қила­диган манзаралар тасвирланса, “Эври­лиш”ни ўқиётиб, ўзининг ана шу асар қаҳрамони бўлмиш махлуқ қавмидан эканлиги учун жирканиб кетгандай бўлади китобхон. Бу тоифадаги асарлардан қандай эстетик завқ олиш мумкин?

“Жараён”нинг қарийб 20 саҳифаси адвокатлик ва адвокатларнинг сама­расиз фаолиятлари ҳақидаги (орада суд жараёни тўғрисида узуқ-юлуқ гап чиқиб қолади, аммо жараён­дан ном-нишон йўқ) узундан узоқ ярим назарий, ярим тахминий, ярим кузатувлар хулосаси бўлмиш мулоҳазалардан иборат. Тахминан 160-бетларда: “Шундай бир гирдобга тушиб қолган эдики, омон қолиш учун фақат курашиш керак эди”, деган жумла бор. Ваҳоланки, қандай гирдоб ҳақида гап боряпти, ким ёки кимлар билан курашиш керак – номаълум. Лекин айни ўша жумладан кейин ҳаққоний бир гап ёзилган: “Шунга қарамай, ваҳима қилиб, айюҳаннос соладиган ҳеч бир воқеа содир бўлгани йўқ”.

Дарҳақиқат, шунгача терговчи билан икки-уч оғиз савол-жавоб қилгани эътиборга олинмаса, ҳеч ким бош қаҳрамон Ёзеф К.ни қозига олиб бораётгани, ҳатто бу ҳақда ўйлаётгани йўқ, муаллиф ёзганидай, ваҳимадан бошқа ҳеч нима содир бўлгани йўқ. 300 саҳифалик романнинг 120 саҳифаси давомида айбдор терговчи билан бир марта учрашади, холос, унда ҳам тайинли гап бўлмайди. Воқеаларнинг тергов жараёнига, мавзуга дахли сезилмайди. Ёзеф К. ғирт овсар, Достоевскийнинг “телба”си – Мишкинни эслатади, ун­дан ҳам довдирроқ, хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари билан энсани қотирадиган одам­лар сирасига киради…

Бундай асарларни ўқишдан кўра, уларнинг зўрлигини исботлашга уриниш­лар кўпроқ ҳайрон қолдиради кишини. Масалан, “Жараён” китобига ёзилган сўзбошида (истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад) таъкидланишича, романни “ўзбек тилида ўқиш имкони туғилиши ўзбек адабиёти тарихида алоҳида воқеа”, “Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён”нинг ўша тилга ўгирилган-ўгирилмаганлиги билан ҳам белгиланар” экан!.. “Жараён” таржимонининг ёзишича эса, “Кафка ижоди ноинсоний, инсоннинг олий туйғуларига ёт” деганлар ноҳақ, “Жараён” сирасидаги асарлар “маънавий тараққиётимиз учун жуда зарур”…

Бу гапларни ўқиб, ўйланиб қолдим. Наҳотки, буюк маънавият ва маданият соҳиби бўлган, дунё тан олган алломаларни, жадидлардек улуг‘ маърифатпарварларни етиштирган халқ Кафка ва унинг табақасига мансуб ёзарманларсиз маънавий тараққиётдан тўхтаб қолса? “Қўшни­нинг товуғи ғоз кўринади”, деган­ларидай, бошқаларни ўзимиздан зўр билишимиз, сермулозамат ва тақлид­га ўчлигимиз, миллий ғурур бораси­даги оқсоқлигимиз бу борада ҳам панд беради, шекилли-да… Ёки биз барча соҳада ҳаммадан қуйида, орқароқдамизми?..

Бобур халқаро илмий экспедит­сияси билан Ҳиндистонга сафарларимизда (1993 ва 2000 йиллар) мартабали зиёли-олим­ларнинг ўзбек адабиёти ҳақидаги тушунчалари ҳаминқадарлигидан улар эмас, биз мулзам тортган эдик. Ахир бизда бир неча ўнлаб ҳинд ёзувчи-шоирларининг китоблари қайта-қайта нашр қилинади-ку!

Мулоқотда “Бизнинг ўқув юрт­ларимизда бир қанча ҳинд классик адиблари ўқитилади. Сизларда ҳам ўзбек адабиёти намоян­да­лари ўқити­ладими?” деган саволимизга Ж.Неру номидаги университет­нинг Мар­казий Осиё бўйича мутахассиси (у 1987 йили Ўзбекистонда бўлган экан) Музаффар Аълам шундай жавоб берган эди: “Биз Навоийни ва шубҳасиз, Бобурни биламиз, улар умумий дарсларимиздан қисқа бўлса ҳам ўрин олган, лекин кейинги юз йил ичидаги ўзбек адабиётидан, тўғриси, бехабармиз…” Ўшанда кўнглим­дан кечган ўйларни “Ҳинд сориға” деган сафарномада шундай бит­ган эканман: “Бошқаларникини ибрат қилиб, байроқ қилиб кўз-кўзлайвермай, ўзинг­никини бошқаларга кўрсатишни ҳам ўйлаш, билиш керак, шекилли…”

Мен, албатта, юқоридаги­дай “олам­шумул” ижодкорларнинг қадрига ета олмаётганим (балки уларнинг муваффақиятлари сирини англай билма­ётганим) учун жуда хижолат торта­ман, аммо… “Мен-ку, нари борса, Лев Толстойнинг ихлосмандиман, лекин ўшандай фикрлари, дунёқараши кенг қамровли, ёзиш санъатининг пири комили ҳам Шекспирдек дунёга машҳур драматургни (ва яна айрим ўз даврининг классикларини) тан олмаган-ку”, деб ўзимга таскин бера­ман. Шубҳасиз, Толстой ҳасаддан ё дунёқараши чекланганидан инкор этмаган Шекспир ё Некра­сов­ни, ахир у Пушкинни, Тургеневни улуғлаган-ку!

Ҳай, Кафканинг Толстойга тенг­лаш­­тирилиши(?)га ҳам (сўз­боши­ларда шун­дай таққос бор) тоқат қилиш мумкин, ахир бу ҳам шахсий фикр-да, деган хулоса одамни юпантиради (гарчи ўнлаб Кафкалар биргина Толстой­нинг ўрнини боса олмаса ҳам). Боринг­ки, тадқи­қотчиларнинг “кашфиёт”лари ҳам рост бўла қолсин. Хўш, китоб­хонлар-чи? Улар “Жараён”дан қан­дай манфаат олади, қандай ёмбини қўлга киритади? Китобни ўқи­ган ўқувчи жиғибийрон бўлиши, азобланиши, бир дардини икки қилиб олиши керакми? Умуман, ёзувчи китобхонга маънавий завқ бериши лозимми ё унинг бошини қотириши, асабларини эговлаши керакми? Кафка “инсониятнинг маънавий ҳаётидаги хавфлардан огоҳлантирган” экан, “Жараён” ёзилганидан бери  о‘тган салкам бир аср давомида ўша хавф барҳам топдими ё ақалли камайиб қолдими? Аксинча эмасми?

Сўзбошида романга нисбатан эътирозли мулоҳазалар ҳам билдирилган. Масалан: “Жумла тузилиши, гап қурилмаси, фикрни ифода этиш услуби эзмаликка, ҳатто мижғовликка моил”. Унда адибларимиздан бирининг: “Ҳа, энди Кафка деганлари касал бир одам-да”, деган гапи киноя билан эсга олинган. Афтидан, ўша адиб гапнинг индаллосини айтганга ўхшайди. Одатда, нохуш хаста­ликка чалинган кимсаларда бошқаларга муҳаббат ҳисси юқори бўлмаслиги мумкин. Кафканинг касаллигини таъкидлаган адибимиз балки масаланинг шу жиҳатини – ёзувчининг аламзадалигини ҳам назарда тутгандир. Ахир ўз отасини қоралаш, унинг устига ботмон-ботмон “мағзава ағдариш” учун бир дунё оқ қоғозни қора сиёҳга булаган (“Отамга хат” эссеси) ёзувчига яна қандай таъриф бериш мумкин?

Менимча, агар “Жараён” бошқа бир, айтайлик, маҳаллий, танилмаган­роқ  ижодкор қаламига мансуб асар бўлганида, айрим …шунослар “сюжет, композиция қани, персо­нажлар нутқидаги индивидуаллик, мантиқ қани, романдаги узундан-узун сафсаталар нимага керак?” каби саволларни қалаштириб, муаллифнинг бошида ёнғоқ чақармиди?

Бошқалар кўкка кўтараёт­ган асарлар тўғрисида номақ­бул(роқ) мулоҳазалар билдириш ноқулай, албатта. Лекин ўз дунёқарашимдан келиб чиқиб ёзяпман бу гаплар­ни. Умуман олганда, “Жараён” романи­ни таҳлил қилмоқчи эмас­ман, балки у ҳақдаги мақтовларга асосан қўшилган ҳолда, баъзи мушо­ҳадаларимни баён этдим, холос.

Кафка ёки Жойс асарларидан қониқиш ҳосил қилмаганларни тушун­масликда айблаш ва уларга таъна тошларини отиш шарт эмасдир. Ахир Кафка кўтарган масалалардан бири инсон ҳуқуқи-ку! Китобхоннинг кимлар­гадир ёқмаслигини андиша қилиб, ўз фикрини, кўнглидаги гапни айтмаслиги, уни бу ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш ҳам адолатдан эмас. Аслида, ранг-баранг фикр қўзғашининг ўзи асарнинг ютуқларидан бири эмасми?

Хуллас, “Жараён”, назаримда, ҳузур қилиш, маънавий озиқ олиш учун эмас (албатта, ҳамма асар шундай бўлиши шартмасдир, омади гап-да), сабр-бардошдан бел боғлаб, тишни тишга қўйиб, “ўқиш керак-да”, деган мажбурият билан ўқилади­ган, омма эмас, хос китобхон­ларга аталган асарлар сирасидан. Шу маънода, каминанинг шахсий, нисбий мулоҳазалари ҳам ҳаммага мўлжалланмаган.

Қамчибек КЕНЖА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Андижон давлат университетининг фахрий профессори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855