03.12.2025 | 15:35
162
“ЖАРАЁН” ШУНЧАЛИК ЗЎР АСАРМИ?
Австриялик адиб, модернизм йўналишининг таниқли вакили Франц Кафканинг “Жараён” романини ўқир эканман, унинг қаҳрамонларни шунча гап-сўз, нутқ ва ваъзхонлик мақомидаги узундан узоқ савол-жавоблар билан таъминлаш маҳоратига қойил қолдим. Асарда тасвир тиниқ, жумлалар пишиқ-пухта, сўзлар занжири мустаҳкам, драматизм, психологизм кучлилигини ҳам тан олмасдан илож йўқ. Роман ёзувчининг ашаддий мухлиси Вафо Файзуллоҳ томонидан ўзбек тилига қойилмақом ўгирилган, бу борада эътироз йўқ. Гап шундаки… Китобни ўқиш учун кетган вақтим эвазига нима олдим, деган саволга аниқ жавоб масаласида бошим қотди.

Кафка асарларини қайта-қайта, алоҳида тайёргарлик билан ўқиш зарурлиги тўғрисида ёзадилар. Менимча, масалан, “Жараён”, “Эврилиш” асарларини тадқиқотчилар қайта ўқисалар керак. “Қишлоқ врачи” ҳикоясида кўнгилни беҳузур қиладиган манзаралар тасвирланса, “Эврилиш”ни ўқиётиб, ўзининг ана шу асар қаҳрамони бўлмиш махлуқ қавмидан эканлиги учун жирканиб кетгандай бўлади китобхон. Бу тоифадаги асарлардан қандай эстетик завқ олиш мумкин?
“Жараён”нинг қарийб 20 саҳифаси адвокатлик ва адвокатларнинг самарасиз фаолиятлари ҳақидаги (орада суд жараёни тўғрисида узуқ-юлуқ гап чиқиб қолади, аммо жараёндан ном-нишон йўқ) узундан узоқ ярим назарий, ярим тахминий, ярим кузатувлар хулосаси бўлмиш мулоҳазалардан иборат. Тахминан 160-бетларда: “Шундай бир гирдобга тушиб қолган эдики, омон қолиш учун фақат курашиш керак эди”, деган жумла бор. Ваҳоланки, қандай гирдоб ҳақида гап боряпти, ким ёки кимлар билан курашиш керак – номаълум. Лекин айни ўша жумладан кейин ҳаққоний бир гап ёзилган: “Шунга қарамай, ваҳима қилиб, айюҳаннос соладиган ҳеч бир воқеа содир бўлгани йўқ”.
Дарҳақиқат, шунгача терговчи билан икки-уч оғиз савол-жавоб қилгани эътиборга олинмаса, ҳеч ким бош қаҳрамон Ёзеф К.ни қозига олиб бораётгани, ҳатто бу ҳақда ўйлаётгани йўқ, муаллиф ёзганидай, ваҳимадан бошқа ҳеч нима содир бўлгани йўқ. 300 саҳифалик романнинг 120 саҳифаси давомида айбдор терговчи билан бир марта учрашади, холос, унда ҳам тайинли гап бўлмайди. Воқеаларнинг тергов жараёнига, мавзуга дахли сезилмайди. Ёзеф К. ғирт овсар, Достоевскийнинг “телба”си – Мишкинни эслатади, ундан ҳам довдирроқ, хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари билан энсани қотирадиган одамлар сирасига киради…
Бундай асарларни ўқишдан кўра, уларнинг зўрлигини исботлашга уринишлар кўпроқ ҳайрон қолдиради кишини. Масалан, “Жараён” китобига ёзилган сўзбошида (истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад) таъкидланишича, романни “ўзбек тилида ўқиш имкони туғилиши ўзбек адабиёти тарихида алоҳида воқеа”, “Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён”нинг ўша тилга ўгирилган-ўгирилмаганлиги билан ҳам белгиланар” экан!.. “Жараён” таржимонининг ёзишича эса, “Кафка ижоди ноинсоний, инсоннинг олий туйғуларига ёт” деганлар ноҳақ, “Жараён” сирасидаги асарлар “маънавий тараққиётимиз учун жуда зарур”…
Бу гапларни ўқиб, ўйланиб қолдим. Наҳотки, буюк маънавият ва маданият соҳиби бўлган, дунё тан олган алломаларни, жадидлардек улуг‘ маърифатпарварларни етиштирган халқ Кафка ва унинг табақасига мансуб ёзарманларсиз маънавий тараққиётдан тўхтаб қолса? “Қўшнининг товуғи ғоз кўринади”, деганларидай, бошқаларни ўзимиздан зўр билишимиз, сермулозамат ва тақлидга ўчлигимиз, миллий ғурур борасидаги оқсоқлигимиз бу борада ҳам панд беради, шекилли-да… Ёки биз барча соҳада ҳаммадан қуйида, орқароқдамизми?..
Бобур халқаро илмий экспедитсияси билан Ҳиндистонга сафарларимизда (1993 ва 2000 йиллар) мартабали зиёли-олимларнинг ўзбек адабиёти ҳақидаги тушунчалари ҳаминқадарлигидан улар эмас, биз мулзам тортган эдик. Ахир бизда бир неча ўнлаб ҳинд ёзувчи-шоирларининг китоблари қайта-қайта нашр қилинади-ку!
Мулоқотда “Бизнинг ўқув юртларимизда бир қанча ҳинд классик адиблари ўқитилади. Сизларда ҳам ўзбек адабиёти намояндалари ўқитиладими?” деган саволимизга Ж.Неру номидаги университетнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси (у 1987 йили Ўзбекистонда бўлган экан) Музаффар Аълам шундай жавоб берган эди: “Биз Навоийни ва шубҳасиз, Бобурни биламиз, улар умумий дарсларимиздан қисқа бўлса ҳам ўрин олган, лекин кейинги юз йил ичидаги ўзбек адабиётидан, тўғриси, бехабармиз…” Ўшанда кўнглимдан кечган ўйларни “Ҳинд сориға” деган сафарномада шундай битган эканман: “Бошқаларникини ибрат қилиб, байроқ қилиб кўз-кўзлайвермай, ўзингникини бошқаларга кўрсатишни ҳам ўйлаш, билиш керак, шекилли…”
Мен, албатта, юқоридагидай “оламшумул” ижодкорларнинг қадрига ета олмаётганим (балки уларнинг муваффақиятлари сирини англай билмаётганим) учун жуда хижолат тортаман, аммо… “Мен-ку, нари борса, Лев Толстойнинг ихлосмандиман, лекин ўшандай фикрлари, дунёқараши кенг қамровли, ёзиш санъатининг пири комили ҳам Шекспирдек дунёга машҳур драматургни (ва яна айрим ўз даврининг классикларини) тан олмаган-ку”, деб ўзимга таскин бераман. Шубҳасиз, Толстой ҳасаддан ё дунёқараши чекланганидан инкор этмаган Шекспир ё Некрасовни, ахир у Пушкинни, Тургеневни улуғлаган-ку!
Ҳай, Кафканинг Толстойга тенглаштирилиши(?)га ҳам (сўзбошиларда шундай таққос бор) тоқат қилиш мумкин, ахир бу ҳам шахсий фикр-да, деган хулоса одамни юпантиради (гарчи ўнлаб Кафкалар биргина Толстойнинг ўрнини боса олмаса ҳам). Борингки, тадқиқотчиларнинг “кашфиёт”лари ҳам рост бўла қолсин. Хўш, китобхонлар-чи? Улар “Жараён”дан қандай манфаат олади, қандай ёмбини қўлга киритади? Китобни ўқиган ўқувчи жиғибийрон бўлиши, азобланиши, бир дардини икки қилиб олиши керакми? Умуман, ёзувчи китобхонга маънавий завқ бериши лозимми ё унинг бошини қотириши, асабларини эговлаши керакми? Кафка “инсониятнинг маънавий ҳаётидаги хавфлардан огоҳлантирган” экан, “Жараён” ёзилганидан бери о‘тган салкам бир аср давомида ўша хавф барҳам топдими ё ақалли камайиб қолдими? Аксинча эмасми?
Сўзбошида романга нисбатан эътирозли мулоҳазалар ҳам билдирилган. Масалан: “Жумла тузилиши, гап қурилмаси, фикрни ифода этиш услуби эзмаликка, ҳатто мижғовликка моил”. Унда адибларимиздан бирининг: “Ҳа, энди Кафка деганлари касал бир одам-да”, деган гапи киноя билан эсга олинган. Афтидан, ўша адиб гапнинг индаллосини айтганга ўхшайди. Одатда, нохуш хасталикка чалинган кимсаларда бошқаларга муҳаббат ҳисси юқори бўлмаслиги мумкин. Кафканинг касаллигини таъкидлаган адибимиз балки масаланинг шу жиҳатини – ёзувчининг аламзадалигини ҳам назарда тутгандир. Ахир ўз отасини қоралаш, унинг устига ботмон-ботмон “мағзава ағдариш” учун бир дунё оқ қоғозни қора сиёҳга булаган (“Отамга хат” эссеси) ёзувчига яна қандай таъриф бериш мумкин?
Менимча, агар “Жараён” бошқа бир, айтайлик, маҳаллий, танилмаганроқ ижодкор қаламига мансуб асар бўлганида, айрим …шунослар “сюжет, композиция қани, персонажлар нутқидаги индивидуаллик, мантиқ қани, романдаги узундан-узун сафсаталар нимага керак?” каби саволларни қалаштириб, муаллифнинг бошида ёнғоқ чақармиди?
Бошқалар кўкка кўтараётган асарлар тўғрисида номақбул(роқ) мулоҳазалар билдириш ноқулай, албатта. Лекин ўз дунёқарашимдан келиб чиқиб ёзяпман бу гапларни. Умуман олганда, “Жараён” романини таҳлил қилмоқчи эмасман, балки у ҳақдаги мақтовларга асосан қўшилган ҳолда, баъзи мушоҳадаларимни баён этдим, холос.
Кафка ёки Жойс асарларидан қониқиш ҳосил қилмаганларни тушунмасликда айблаш ва уларга таъна тошларини отиш шарт эмасдир. Ахир Кафка кўтарган масалалардан бири инсон ҳуқуқи-ку! Китобхоннинг кимларгадир ёқмаслигини андиша қилиб, ўз фикрини, кўнглидаги гапни айтмаслиги, уни бу ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш ҳам адолатдан эмас. Аслида, ранг-баранг фикр қўзғашининг ўзи асарнинг ютуқларидан бири эмасми?
Хуллас, “Жараён”, назаримда, ҳузур қилиш, маънавий озиқ олиш учун эмас (албатта, ҳамма асар шундай бўлиши шартмасдир, омади гап-да), сабр-бардошдан бел боғлаб, тишни тишга қўйиб, “ўқиш керак-да”, деган мажбурият билан ўқиладиган, омма эмас, хос китобхонларга аталган асарлар сирасидан. Шу маънода, каминанинг шахсий, нисбий мулоҳазалари ҳам ҳаммага мўлжалланмаган.
Қамчибек КЕНЖА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Андижон давлат университетининг фахрий профессори
“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



