06.08.2025 | 12:21
277
ЖАВОҲАРЛАЪЛ НЕРУ ТАНИГАН ЖАДИД ЁХУД ТАРИХ БЎЙИЧА БИРИНЧИ ЎЗБЕК ПРОФЕССОРИ ПЎЛАТ СОЛИЕВ ҲАҚИДА
Тарих ўтган кунларнинг товушсиз ва руҳсиз манзараси эмас. Сиртдан қараганда, тарих фактлар, саналар, буюклар ва забунларнинг рўйхатидек кўриниши мумкин. Лекин тарихни холис ва ҳақиқатга содиқ ҳолда ўрганиш, уни аниқ фактлар асосида таҳлил қилиш ҳар бир авлод учун ҳаётий заруратдир. Пўлат Солиев ана шу тамойилга умрини бағишлаган фидойи олимлардан бири, ҳақиқатпарвар ва жасур шахс эди.

Пўлат Солиев 1882 йил 22 мартда Астрахан шаҳрида, ўзбекларнинг манғит уруғига мансуб зиёли оилада туғилган. Расмий ва илмий ҳужжатларда исми Булат, Бекбулат, Пўлат шаклида қайд этилган. Ёшлигидан Қозон ва Уфада анъанавий мадраса таълимини олган; араб, форс, турк, рус, кейинчалик француз ва немис тилларини пухта ўзлаштирган. Маълумки, XX асрнинг бошларида Россия мусулмон туркийлари орасида ўзаро бирдамлик ғояси шаклланиб, Туркистонга маърифий ва сиёсий кўмак бериш ташаббуси кўтарилади. Ана шу ҳаракат амалиётига кўра, минглаб зиёли нўғайлар, татар ва бошқирдлар бизнинг юртимизга кўнгилли бўлиб кела бошлайди. Пўлат Солиев ҳам 1909 йилда Туркистонга келиб, жадидлар сафида Тошкент, Фарғона, Жалолобод, Қўқон шаҳарларида маърифий тарғибот ишларини олиб боради, мактабларда тарих, арифметика ва она тилидан дарс беради.
Кейинчалик Туркистон Мухторияти ташкилотчиларидан бири, “Эл байроғи” газетасининг бош муҳаррири сифатида сиёсий фаолият олиб боради. Мухторият тугатилгандан сўнг ўзини бутунлай илм-фанга бағишлайди.
1918 йил ноябрида таниқли зиёлилар билан Қўқон халқ университетини ташкил этишда қатнашади ва унга раҳбар этиб сайланади. Бу даргоҳ Фарғонадаги педагогика институтлари учун асос бўлади.
20 йилларда, советлар тарихчиларга нисбатан муайян эркинлик берган даврда Солиев ўз асарлари ва дарсликлари билан шуҳрат қозонди. “Манғитлар даврида Бухоро”, “Ҳиндистон Англия зулми остида”, “Бухоро тарихи, I қисм”, “Ўрта Осиёда савдо капитали даври”, “Ўрта Осиё тарихи: XI–XV асрлар”, “Ўзбекистон тарихи”, “Ўзбекистон ва Тожикистон”, “Ўрта Осиёда исломнинг тарқалиши” каби асарлари бирин-кетин нашр этилади.
Пўлат Солиевга 1926 йилда профессор унвони берилади.
Олим давр тақозосига кўра ўзига хос услубда ижод қилган. Бир мавзуда китоб ёзар экан, асар замирида бутунлай бошқа бир муаммони фош этарди. Масалан, “Ҳиндистон Англия зулми остида” рисоласида муаллиф расман инглиз мустамлакачилигини танқид қилади, аслида эса большевиклар ва совет ҳукумати сиёсатининг ғайриинсоний жиҳатларини маҳорат билан очиб беради.
У 20 йиллар бошидаёқ миллий тарихни ўқитиш учун дарслик ёзишга киришади, аммо большевиклар бу лойиҳаларни рад этади. 1929 йилда “Ўзбекистон тарихи” китобини чиқаришга муваффақ бўлади. Китобнинг кириш қисмига Амир Темур портретини қўйдиргани учун “ўтмишни идеаллаштириш” айби билан таъқибга учрайди. Бу пайтда ҳали “Ўзбеклар ҳам Темур болалари” (1927) мақоласининг заҳри кетиб улгурмаган эди.
1933 йилда “Ўрта Осиё тарихи” асари “идеологик жиҳатдан номақбул” деб эълон қилинади. 1936-йилги тарихчилар қурултойида Солиевнинг асарларига “пантуркчилик ва миллатчилик” тамғаси босилиб, дарслик сифатида фойдаланиш тақиқлаб қўйилади.
1937-йилги “катта террор” тўфони профессорни ҳам четлаб ўтмади. Ўша йилнинг ўзида уни Самарқанд давлат университетидан бўшатишади. 11 октябрда расман ҳибсга олиниб, “пантуркчилик ва антисовет тарғибот”да айбланади. Қарийб беш ой давом этган қийноқлардан сўнг, 1938 йил 28 февралда “халқ душмани” сифатида отиб ташланади. Шу билан биринчи ўзбек тарих профессори қатағон машинаси қурбонига айланади.
* * *
Советларнинг жазавага тушгани, бир олимга оч бўридай ташлангани бежиз эмас эди. Унинг ҳаёт йўли ва илмий мероси XX аср бошларидаги Ўзбекистон тарихшунослигида мислсиз аҳамиятга эга. У замон кўтармаса-да, воқеаларга бирёқлама эмас, холис, мустақил ва танқидий қарашни ёқлаган. Мустамлакачилик ва унинг халқ ҳаётига таъсири борасида юзаки хулосалар билан чекланмаган – ҳар бир босқинчилик ва унинг асл мақсадларини, оқибатларини теран англашга ҳаракат қилган.
Биргина “Ўзбекистон тарихи” асари илм-фанимизнинг юксак ютуғи, миллатнинг ўтмишини ҳақиқий ва холис ёритишга, халқнинг эзгу орзулари ва аламларини акс эттиришга қаратилган меҳнат самарасидир.
Солиев заҳматлар эвазига ёзилган асарлари чоп этилмай ётгани, чоп этилганлари тақиққа учрагани, энг аламлиси, халққа етиб бормаётганидан афсусланиб, дўстларига шундай дейди:
“Агар Февраль инқилоби давом этганида, биз ҳозир миллионер бўлардик. Бу вақт ичида мен юзлаб илмий асарлар, Туркистондан қизиқарли нарсаларни ёзиб чиқар эдим. Аслида, капиталистик мамлакатларда тарихчилар ва ёзувчилар қуллар эмас, нашриётларнинг асирларидек эмас, улар ўз асарларини ўзлари чоп этади ва катта обрўга эга бўлади. Биз эса, кимнингдир истаги учун, сунъий китоб ёзиш буйруқлари билан ўзимизни қийнармиз. Биз муҳтожмиз ва тиланчилик қиламиз”.
Бу сатрларда нафақат бир олимнинг, балки бутун миллатнинг эрксизлиги, сўз ва фикр эркинлигига чанқоқлиги, оғриғи, бахтсизлиги мужассам. Пўлат Солиев совет мафкурачилари йўққа чиқарган изланишларига ачинмайди, балки келгуси авлодлар ҳам илмий ва ижодий эркинликсиз қолса, халқ маънавий қашшоқликка, илм эса турғунликка маҳкум бўлишини таъкидлаб, куюнади.
Совет даврида “Коммунизм қурсак, барча миллионер бўлиб яшайди”, “Барчанинг ҳаёти фаровон бўлади” каби афсоналар халқ онгига сингдирилар эди. Бу афсоналарнинг замирида умумий мулк, шахсий ташаббус ва шахсий эркинликни инкор этиш ётар эди. Пўлат Солиев олим сифатида бундай ғояларга қатъий қарши чиққан. Чунки амалда бу нарса янги истибдод, қашшоқлик, халқнинг ижтимоий-иқтисодий таназзули ва миллий элиталарнинг қатлиомига олиб келган. “Энг ёмони, колхозчилар аҳволи оғир: улар ҳаммаси оч. Иш давомида очликдан ҳолдан тойганларни кўриш мумкин…” деб, халқнинг асосий қатламлари қандай иқтисодий ва маънавий инқирозга учраганини теран тасвирлаган.
Олимнинг фикрича, агар одамлар шахсий ҳаётдан, хусусий мулкдан ва меъёридаги шахсий эгоизмдан маҳрум бўлса, коллектив ҳаёт узоқ давом этмайди. Одам фақат ўзи учун ҳаракат қилганда жиддий ёндашади. Мана шу таъкид ҳар бир жамият тараққиёти учун шахсий эркинлик, иқтисодий муҳит ва ижодий имкониятлар зарурлигини англатади.
Пўлат Солиев асарларини ўрганиш давомида талқин ва таҳлилга эътибор берилса, Англия ва СССР моделлари ўртасидаги туб фарқ кўзга яққол ташланади. Масалан, “Ҳиндистон Англия зулми остида” асарида инглиз моделида замонавий таълим, ҳуқуқий ва иқтисодий тизимлар жорий этилгани, инглиз тили ва маданияти орқали рақобат муҳити, имконият ва очиқлик пайдо бўлганини қайд этади. Шу боис, бугунги Буюк Британияда Ҳиндистон ва Покистондан чиққан юқори лавозим эгалари борлиги, миллатлараро тараққиёт ва имконият йўли кенглиги билан ажралиб туради. Шунингдек, Ҳиндистонда Буюк Британия мусулмонларга, барча мустамлака халқларига тўлиқ эркинлик беради. Ҳиндистонда 2 миллион маҳаллий аҳоли олий маълумотга эга. Улар ўз ҳаётидан мамнун, шунинг учун ҳеч қандай норозилик ва низо бўлмаслиги ҳақида ёзади.
СССР тажрибасида эса бунинг аксини кўрамиз: миллий элиталар йўқ қилинди, маҳаллий аҳоли юқори лавозимларга йўл топа олмади, халқ манфаатлари доимо четда қолди.
Пўлат Солиев дунёдаги глобал қарама-қаршиликлар, катта давлатлар ўртасидаги зиддиятлар ва уларнинг Марказий Осиё учун хавфини илмий таҳлил қилган ва башорат берган. У 1935 йил май ойида, Иккинчи жаҳон уруши арафасида СССР ва нацизм Германияси ўртасида бўладиган ҳалокатли тўқнашуви, келажак урушнинг шакли ва оқибатлари ҳақида шундай ёзган эди:
“Биздаги аҳмоқлар қуруқлик армиясини ҳаддан ташқари кўпайтиряпти, уни кўчаларда намойиш қилиб, кулгига қоляпти. Аслида, келажакдаги уруш қуруқликда эмас, ҳавода бўлади, ҳал қилувчи куч – бу қуруқликдаги армиямиз эмас, балки илм ва техника бўлади. Немислар шундай бомбардимончи самолётлар яратдики, улар ҳар қандай вақтда Москва ва Ленинградни кулга айлантира олади. 24 соат ичида улар ҳудудимизнинг ярмини эгаллашга қодир… Агар Гитлер тирик бўлса, яна бизнинг бошимизда маймун рақси бошланади… Москва ва Ленинградни босиб олса, қолганини урушсиз эгаллайди. Аслида, Россия пахтага таянади, Туркистон пахтасига. Пахта бўлмаса, саноат ўз-ўзидан тўхтайди. Агар Боку ҳам кетадиган бўлса, Россия зулматда ва нефтсиз қолади. Русларнинг ҳақиқий ватани – Сибир, улар фақат ўша ерда қолади. Ҳатто Сибирда ҳам кўп ҳудудни Япония ўз кўзи билан кўриб қўйди… Германия эса келажакда Европанинг хўжайинига айланишга интиляпти ва, шубҳасиз, айланади… Уруш бошланган заҳоти босмачилик кучаяди, мамлакат ичида парокандалик бошланади. Сўнгра (ГПУнинг одамларидан) шубҳали одамлардан бўлган суҳбатлардан қочишади…”
Бу башоратлар олимнинг дунёқараши ва стратегик фикрлаш қобилияти қандай юқори бўлганини, тарихий сабоқлар фақат ўтмиш учун эмас, балки келажак учун муҳим эканини исботлайди. Жаҳон урушидан сўнг тарих яна бир бор бу гапларнинг ҳақиқатини тасдиқлади – илм, саноат, техника ва озодлик асосий бойлик экани аён бўлди.
Гарчи советлар олимни жисмонан йўқ қилган бўлса ҳам, унинг довруғи аллақачон жаҳон илмий ва сиёсий доираларига маълум бўлиб улгурган эди.
* * *
1955 йил 15 июнь куни Ҳиндистон Бош вазири Жавоҳарлаъл Неру расмий ташриф билан Тошкентга келади. Олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон Фанлар академияси залида тантанали учрашув уюштирилади. Анжуман якунига етгач, Нерунинг таржимони ташкилотчиларга “Жаноб бош вазир ҳурматли профессор Пўлат Солиев билан учрашмоқчи”, дея мурожаат қилади. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Ғани Султонов бу номни эшитиб, “бундай одамни танимайман”, деб жавоб беради. Ҳамма беихтиёр Академия президенти Теша Зоҳидовга қараб қолади. Ижодкорлар, олимлар сукут сақлаб, алам билан ерга қараб тураверади. Таранглашиб бораётган вазиятга Зоҳидовнинг қисқа изоҳи чек қўйди: “Жаноб бош вазир, профессор Пўлат Солиев анча йиллар олдин йўлда вафот этган. Қабри қаерда эканини ҳам билмаймиз…”
* * *
Бугун халқимиз ана шундай фидойи инсонларни, уларнинг ҳақиқий меросини қадрлаб, тарихни холис ўрганиб, ҳақ сўзда собит туриши, юрт тараққиётига ҳисса қўшиши зарур.
Пўлат Солиев сабоғи Янги Ўзбекистонни қурадиган, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган авлод учун ҳаётий ўрнак ва ибратдир.
Б.ҚОДИРОВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи
А.АТАEВ,
катта илмий ходим
“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
825
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



