08.09.2025 | 09:41
288
БЕКАТ
Тилимизда ихчам ва жозибали бир сўз бор – “бекат”, бироқ у Навоий асарлари ёки ундан олдинги битикларда учрамайди, демак, бу сўз кейинги даврларда пайдо бўлган. Шундай бўлса-да, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да унга “тар”, яъни “тарихга оид” деб нисбат берилган.

Тилимизда узоқ ўтмишдан яшаб келаётган “бек-” ўзаги мавжуд, уни биз ҳатто энг қадимги туркий битикларда ҳам учратамиз. Мутахассисларга кўра, бу сўзнинг дастлабки маъноси: “маҳкамламоқ, мустаҳкамламоқ”, энг қадимги кўриниши эса “бег-” бўлган деб тахмин этилади. Шу боис ҳозир ҳам тилимизда “берк” ҳам, “бек” ҳам бир маънода ишлатилади. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да мазкур ўзакдан ясалган кўплаб феълларни келтиради. Айтайлик, “бӭклäди” – бекитди, сақлади; “бӭклäнди” – мустаҳкамланди, турғунланди, қамалди; “бӭклäтти” – қаматтирди, сақлашга буюрди; “бӭкүди” – бекитди, маҳкамланди. “Девон”да яна бир ўринда “бек” ўзагига сифат ясовчи “-үт” қўшимчаси қўшиб ясалган “беркитилган” маъносидаги “бӭкүт” сўзи ҳам келтирилган: “јашут бӭкүт – яшириладиган, беркитиладиган нарса”. Ҳозир ҳам тилимизда “бекик”, “бекилмоқ”, “бекитмоқ” каби феъллар фаол. Бу сўзнинг бошқа бир маънодоши “ёпмоқ”, яъни: “эшикни бекит” ва “эшикни ёп” бир маънога эга.
Қадимда турк тилларида феълдан от ясовчи “-үт” қўшимчаси ҳам бўлган, “Девон”дан бунга мисол тариқасида “кезүт”, “кöчүт”, “қачут”, “чöкүт”, “кулут” каби сўзларни келтириш мумкин. “Кезүт”нинг маъноси – “тўн” ёки “устки кийим”, ҳозирги тилимиздаги “кийди” феъли “Девон”да – “кезти” шаклида келтирилади, яъни “кезүт” – “кез-” (“кий-”) ўзагига “-үт” от ясовчи қўшимчасини қўшиш йўли билан ясалган. “Кöчүт” эса ўтмишда бир жойдан иккинчи жойга кўчириш воситаси – “от-улов” маъносини билдирган, яъни “кöч-” (“кўч-”) ўзагига “-үт” қўшимчасини қўшиб ясалган, бу сўзни ҳозир ҳам “кўчат” шаклида, фақат “от-улов” эмас, кўчириб экиладиган ниҳолга нисбатан ишлатамиз. Гувоҳи бўлганимиздек, қадимги туркийдаги от ясовчи “-үт” қўшимчаси кейинчалик “-ат”га айланган. Бунга мисол тариқасида “кўкат” (“кўк”+“-ат”), “эгат” (“эк”+“-ат”) каби сўзларни ҳам келтириш мумкин. Баъзи ўзакларга эса “-т”, “-ит” қўшилиб феълдан от ясалган (“уят” – ўй+а+т, “йигит” – йиг+ит, “чигит” – чиғ+ит, “чиқит” – чиқ+ит).
“Бекат” ҳам, бизнингча шу қоидага кўра, “бек-” ўзагига “-ат”ни қўшиб ясалган сўздир. “Бекинмоқ” феъли луғатда “ўзини панага олмоқ” деб изоҳланган, “қуёшдан бекинмоқ”, “ёмғирдан бекинмоқ” деймиз, яъни “бекат” – усти бекитилган ёки ёпилган, пана, йўлда вақтинча тин олиш жойи. Шу маънода у франсузча “абрибус”га яқин, франсуз тилида “абри” – “пана, бошпана”, “абрибус” эса – автобус кутиладиган жойларда ўрнатилган қурилма, бошпана, бекат. Қолаверса, “бек-” ўзагининг “берк”, “пана”, “бекинмоқ”, “сақланмоқ”, “бекиниб кутиб турмоқ” каби луғавий маънолари бундай иншоотлар хусусиятларига тўла мос келади (кейинчалик усмонли туркчасида “бекламоқ” (“беклемек”) феълининг “кутмоқ” маъноси ҳам пайдо бўлган).
XIX аср охирида юртимизга темир йўл, почта каби янги инфратузилмалар, шу билан бирга янги атамалар ҳам кириб келди. Шундай атамалардан бири – “стансия” (фр. “статион”) ўрнида ўшанда тилимиздаги “бекат” сўзи – “темир йўл бекати”, “почта бекати” тарзида қўлланиши чинакам топилма бўлган. Бу сўз айниқса автобус, трамвай, троллейбус, метро каби йўловчи ташиш транспортлари йўлларидаги йўловчи олиш ва тушириш манзиллари учун узукка кўз қўйгандек мос келар эди. Аммо совет давридаги норасмий чеклов, руслаштириш сиёсати оқибатида унинг кенг жорий этилишига йўл берилмаган, шу боис совет даврида “автобус остановкаси”, “метро стансияси”, “темир йўл стансияси” дейиш кўпроқ удум бўлган.
Мустақилликдан кейин бу сўзнинг иккинчи умри бошланди дейиш мумкин, “метро бекати” ёки “ер ости бекатлари”, “автобус бекати”, “темир йўл бекати”, “бекатча” (“полустанок”) каби совет даврида кўпроқ бадиий асарларда яшаган сўзлар ҳаётга тўлақонли қайтди.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 29 августдаги 35-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



