07.10.2026 | 12:23
237
БАҒРИКЕНГЛИК – БЕБАҲО БОЙЛИК
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи, инсон қадрини юксалтириш ва миллий юксалишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, келгуси давр учун белгиланган етти миллий дастурдан бири – “Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтириш” йўналиши мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилишини англатади.

Зеро, бугунги мураккаб ва нотинч дунёда турли миллат ва элат вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликда яшаши, турли дин ва конфессияларга мансуб инсонлар ўртасида тинчлик ва бағрикенглик муҳитини асраш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, юртимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик нафақат бугунги осойишта ҳаётимизнинг муҳим омили, балки халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бебаҳо маънавий бойлиги, келажак тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Ўзбекистон азалдан турли миллат ва элат, дин ва маданият вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳат яшаб келган, Шарқ ва Ғарб цивилизациялари туташган, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик қадриятлари шаклланган заминдир. Тарихимизга назар ташласак, юртимиз ҳудудида турфа халқлар, маданиятлар ва диний анъаналар ўзаро мулоқот ва ҳамкорликда ривожланганига гувоҳ бўламиз. Бугун ҳам ушбу анъаналар янги мазмун билан давом этмоқда. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил ва иноқ ҳаёт кечирмоқда. Турли диний конфессиялар вакилларининг ўз диний анъана ва маросимларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилаётгани, улар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик изчил ривожланаётгани жамиятимизда қарор топган бағрикенглик муҳитининг амалий ифодасидир.
Қадриятдан давлат сиёсатигача
Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, виждон эркинлигини кафолатлаш, динлараро мулоқотни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бағрикенгликнинг давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётганининг яна бир ёрқин ифодаси – 2023 йилда “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони таъсис этилганидир.
Ушбу мукофот жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида самарали фаолият юритаётган инсонларнинг хизматларини эътироф этишга қаратилган. Бугунги кунга қадар 450 нафардан ортиқ турли соҳа вакиллари, жамоат фаоллари, олимлар ва мутахассисларнинг ушбу кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам юксак эътиборнинг амалий тасдиғидир.
Муштарак тушунчалар
Бағрикенглик, аввало, инсонни қадрлашдан бошланади. Бошқа инсоннинг эътиқоди, миллати, тили, маданияти ва дунёқарашига ҳурмат билан муносабатда бўлиш – инсон қадрини улуғлашнинг муҳим кўринишидир. Шу маънода, жамиятимизда инсон қадрини юксалтиришга қаратилаётган ислоҳотлар бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилалар, муҳтож ва бемор инсонларга ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ғамхўрлик қилиш борасидаги ишларнинг кенгайиб бораётгани халқимизнинг азалий фазилатларини намоён этмоқда. Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан амалга оширилган хайрли ташаббуслар ҳам истиқлол байрами шукуҳини ҳар бир хонадонга етказиш, инсонларда бирдамлик туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилди. Ушбу эзгу ишлар замирида халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат, мурувват ва ҳамжиҳатлик каби қадриятлар мужассам.
Маҳалланинг ҳаётий мактаби
Бағрикенглик ҳақида сўз юритганда, маҳалланинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугун маҳалла нафақат ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўғини, балки инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган маънавий мактабдир.
Одамларнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаклари, тадбиркорларнинг ташаббуслари, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади. Маҳаллада турли миллат ва дин вакиллари бир оиладек яшайди, бир-бирининг қувончига шерик, ташвишига ҳамдард бўлади. Шу маънода, маҳалла бағрикенглик ва тотувликнинг энг муҳим ҳаётий мактабидир. Бу мактабда ёш авлод нафақат қўни-қўшничилик, балки ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик каби қадриятларни ҳам ўрганади.
Диний-маърифий имкониятлар
Мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда янги диний ташкилотларнинг фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, сўнгги ўн йилда 153 та янги диний ташкилот, жумладан, 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 123 та масжид ҳамда 26 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ва Халқаро исломшунослик академияси каби илмий-маърифий масканларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур муассасаларнинг илмий тадқиқот ва таълим жараёнларида буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш, ёш авлодни соғлом эътиқод ва маърифат руҳида тарбиялаш, жаҳолат ва мутаассибликка қарши илм билан курашиш муҳим ўрин тутади.
Зеро, бағрикенгликни фақат қонунлар билан таъминлаб бўлмайди. Уни, аввало, инсонларнинг қалби ва онгида қарор топтириш керак. Бунинг учун илм, маърифат, соғлом эътиқод ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада кучайтириш зарур.
Маърифат – жаҳолатга қарши куч
Бугунги глобаллашув даврида турли бузғунчи ғоялар, диний мутаассиблик ва жаҳолатга қарши курашишда маърифат энг самарали воситалардан биридир. Шу нуқтаи назардан, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси ёш авлодни эзгу мақсадлар сари йўналтириш, уларда мустаҳкам ҳаётий позиция, ватанпарварлик ва бағрикенглик фазилатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ёшларни замонавий билимлар билан қуроллантириш, уларда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, интернет ва ахборот маконида тарқалаётган турли бузғунчи ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Халқаро ҳамкорлик омили
Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги долзарб вазифага айланмоқда. Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар ташқи сиёсати ҳам айнан ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тамойилларига таянмоқда. Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик муносабатларининг янги босқичга кўтарилгани минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш билан бирга, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни ҳам кучайтирмоқда.
Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро майдондаги ташаббуслари ҳам тинчлик, барқарорлик ва ўзаро англашувга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги маслаҳат учрашувлари, дўстлик ва ҳамкорликка қаратилган кўп томонлама ташаббуслар халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу жараённи турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш сиёсатининг минтақавий миқёсдаги амалий ифодаси сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Эзгу анъанага айланган ташаббус
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни сифатида белгиланган. Ўзбекистонда ушбу сана муносабати билан ҳар йили “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши яхши анъанага айланган. Ҳафталик доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида илмий-маърифий, маданий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталик қадриятларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай ташаббуслар бағрикенглик тушунчасини фақат муайян бир кун доирасида эмас, балки жамият ҳаётининг доимий қадриятига айлантиришга хизмат қилади. Айни жиҳатдан, “Бағрикенглик ҳафталиги” ташаббусини халқаро даражада оммалаштириш, турли давлатлар ва халқлар ўртасида тажриба алмашиш, тинчлик ва ўзаро ҳурмат ғояларини кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Тараққиёт кафолати
Инсон қадри улуғланган, қонун устувор бўлган ва жамиятда ўзаро ҳурмат қарор топган юртда ижтимоий ишонч, барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт учун мустаҳкам замин яратилади. Чунки, тинчлик – шунчаки сиёсий тушунча эмас. Тинчлик – инсоннинг хотиржам ҳаёти, фарзандлар келажаги, оила фаровонлиги, илм ва маърифат равнақи, виждон эркинлиги ҳамда жамият тараққиётининг энг муҳим шартидир.
35 йиллик тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни яна бир бор англатмоқда: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ. Мустақиллик бизга ўз тарихимиз, маънавиятимиз, эътиқодимиз ва қадриятларимизни чуқур англаш, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш имконини берди. Бугун юртимизда виждон эркинлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам кафолатланган, турли диний конфессия вакиллари тинч ва ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу эса бизга катта масъулият юклайди.
Бағрикенгликни, аввало, кундалик ҳаётимизда намоён этишимиз, бошқаларнинг ҳуқуқи, эътиқоди ва қарашларига ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз, ёш авлод қалбида тинчлик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини мустаҳкамлашимиз керак. Зеро, бағрикенглик – бир-биримизни тушуниш, ҳурмат қилиш, қўллаб-қувватлаш ва умумий эзгу мақсадлар йўлида бирлашишдир. Шу маънода, бағрикенглик халқимизнинг шунчаки маънавий фазилати эмас, балки асрлар давомида шаклланган ва бугунги кунда янги мазмун билан бойиб бораётган бебаҳо маънавий бойлигидир.
Тинчлик ва осойишталикни асраш, инсон қадрини улуғлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, илм-маърифатни юксалтириш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш, турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш – Янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларимиздандир.
Содиқ ТОШБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси
“JAVOHIR SINDOROVNING BOBOSI BÖLIB TANILDIM“
Özbekistonda xizmat körsatgan yoşlar murabbiysi, yuridik fanlar doktori, yozuvçi Komil SINDOROV bilan suhbat – Assalomu alaykum, ustoz. Sizni ham bobo, ham Özbekiston şaxmat federatsiyasi rais örinbosari sifatida Javohir Sindorovning Sent Luis (AQŞ) şaxmat klubida bölib ötgan “Clutç Çess: Çampions Şowdown 2026” xalqaro turnirdagi ğalabasi bilan muborakbod etamiz! – Rahmat! Jahon çempionligi bahslari oldidan sönggi muhim […]
16.11.2026 | 16:15
155
ÖZBEK-QOZOQ MADANIY HAMKORLIGI MUSTAHKAMLANMOQDA
Özbek va qozoq xalqlari tili, dini va madaniyati bilan bir-biriga çambarças boğlangan ellardir. Ajdodlarimiz ming yillar davomida yonma-yon yaşab, hayotning quvonç va taşvişlarini, yaxşi-yomon kunlarni birgalikda boşdan keçirib, taqdirdoş bölib kelişgan. Bu qardoşlik keyingi yillarda, ayniqsa, mustahkamlanib, yangiça mazmun va ruh bilan boyib bormoqda. Bu borada Özbekiston Respublikasi Prezidenti Şavkat Mirziyoyev hamda Qozoğiston Respublikasi Prezidenti […]
16.11.2026 | 14:34
113
MILLIY YUKSALIŞ SARI
Joriy yilning 10-14-noyabr kunlari Qoraqalpoğiston Respublikasi, viloyatlar va Toşkent şahrida mustaqil Özbekiston tarixida ilk marotaba “Özbekiston ziyolilari kengaşi”ning hududiy yiğilişlari bölib ötmoqda. Mazkur muloqotlar dunyoda yuz berayotgan madaniy, siyosiy va texnologik özgarişlar, şuningdek, qadriyatlar transformatsiyasi şaroitida milliy özlikni saqlaş, Uçinçi Renessans poydevorini barpo etiş, Yangi Özbekistonni quriş va Milliy yuksaliş davri sari dadil qadam taşlaş […]
16.11.2026 | 09:00
151



